Xiaomi илк бор жаҳон бозорида Apple’ни ортда қолдирди
Технология
−
16 Июль 2021
9394Хитойнинг техника ишлаб чиқарувчи компанияси Xiaomi биринчи марта жаҳон телефон бозорида иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Canalys аналитик компанияси ҳисоботида маълум қилинган.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, 2021 йилнинг иккинчи чорагида смартфонларнинг глобал жўнатмалари 12 фоизга ўсган.
“Samsung етакчи таъминотчи бўлиб, сотилган смартфонларнинг 19 фоизини эгаллаган. Xiaomi 17 фоиз улуш билан биринчи марта иккинчи ўринни эгаллаган. Apple 14 фоиз билан учинчи ўриндан жой олган”, дейилган ҳисоботда.
Белгиланган даврда Хитой ишлаб чиқарувчиси савдоси 83 фоизга ўсган, Apple учун эса бу кўрсаткич 1 фоизни ташкил этган. Canalys мутахассиси Бэн Стентоннинг таъкидлашича, айрим минтақаларда юклар уч баравар кўпайган.
“Xiaomi ҳали ҳам оммавий бозорга катта эътибор қаратмоқда ва Samsung ҳамда Apple билан таққослаганда унинг ўртача нархи мос равишда 40 фоиз ва 75 фоиз паст”, дея тушунтирган мутахассис.
Стентонга кўра, барча ишлаб чиқарувчилар глобал танқислик шароитида компонентларнинг таъминотини қоплаш учун курашмоқда.
“Аммо Xiaomi аллақачон кейинги босқичга — Samsung’ни суриб чиқариб, дунёдаги энг йирик етказиб берувчига айланишга интилмоқда”, деган у.
LiveБарчаси