“Xalqparvar Guruhi” журналисти 4 йилга қамалди
3-саҳифа
−
20 Январь 7970 2 дақиқа
Ўзбекистонда "Xalqparvar Guruhi" журналисти 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Фарғона вилоят судларининг Telegram’даги расмий каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг бугун, 20 январдаги эълон қилган ҳукми билан 1990 йилда туғилган, “АК ХАЛҚПАРВАР ГУРУҲИ” МЧЖ (“АНТИКОРРУПЦИЯ” ОАВ) мухбири бўлиб ишлаган, муқаддам судланган Э.Т. Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “г” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми, 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 244-6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.
Э.Т.га Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 3 йил 10 ой, Жиноят кодексининг 60,61-моддаларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинганлигини бекор қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларида ўтаттирилиши белгиланди.
“Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни “Taftish.uz” сайтининг 4 нафар ходими товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддасида (фирибгарлик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб, 1988 йилда туғилган Ғайрат Абераев ҳамда “Taftish.uz” Оммавий ахборот воситаси ходимлари 1992 йилда туғилган Азизжон Юлдашев, 2000 йилда туғилган Сардор Ҳамидов, 2006 йилда туғилган Маржона Эшқувватова ҳамда 1998 йилда туғилган Дилшод Нишоновлар процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда уларнинг қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244-6-моддасида (ёлғон ахборот тарқатиш) кўрсатилган жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда.
Live
Барчаси