Мирзиёев Трампни ўзига оғдирди. Энди Ўзбекистон АҚШ учун кичик давлат эмас.
Таҳлил
−
24 Сентябрь 24612 9 дақиқа
Дональд Трампдан юксак мақтовлар, АҚШ компаниялари билан манфаатли келишувлар, БМТ минбаридан қилинган нутқ, унда айтилган бугунги Марказий Осиё, Орол денгизи муаммоси, Афғонистон ва Ғазо ҳамда БМТ ХК таркибини кенгайтириш каби таклифлар. Президентлар, монархлар ва БМТ Бош котиби билан учрашувлар. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида АҚШга қилган феноменал ташрифи қандай ўтмоқда? Бугун шулар ҳақида батафсил сўз юритилади.
Трамп билан келишиш бўйича мастер-класс
АҚШ Президенти Дональд Трамп бугунги кунда деярли бутун дунё учун қайсидир маънода муаммога айланган. Унинг савдо ва бошқа соҳаларда амалга ошираётган сиёсатини деярли ҳар бир давлат ҳис қилмасдан қолмайди. Албатта, дунё унинг “қош-қовоғига” яна салкам 3,5 йил қарашга мажбур. Бирор кор-ҳол юз бериб, воқеалар ривожи тубдан ўзгариб кетмаса, 2029 йил 20 январга қадар у Оқ уйдан чиқмайди. Муаммо эса шундаки, бугун дунё давлатлари у билан муроса қилишда турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Бироқ Трамп билан келишиш борасида кейинги 3,5 йил учун тўлиқ иш берадиган мастер-классни 22-23 сентябрь кунлари Шавкат Мирзиёев намоён қилди.
Нью-Йоркка ташрифини миллиардлаб долларлик шартномалар билан бошлаган Шавкат Мирзиёев дарҳол Трампнинг эътирофига сазовор бўлди. “Boeing”дан 22 та “787 Dreamliner”ни 8 миллиард долларга сотиб олиниши Трампни жуда хурсанд қилди. У дарҳол ўзига қарашли ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистон раҳбарини мақтаб катта пост қолдирди. У Шавкат Мирзиёевни бир сўзли одам экани ва у билан ҳали кўплаб масалаларда бирга ишлашини билдирди. Шунингдек, Трамп Ўзбекистон етакчиси билан сентябрь ойи бошида телефон орқали мулоқот қилганини ҳам эслатиб ўтган.
“Шу ой бошида мен Ўзбекистон Президенти ҳурматли Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашган эдим. Бугун мен Президент Мирзиёевни "Boeing" билан улкан битим имзолангани билан табриклайман! “Uzbekistan Airways” 8 миллиард доллардан ортиқ маблағ эвазига 22 та "787 Dreamliner" самолётини харид қилади. Бу Қўшма Штатларда 35 000 дан ортиқ иш ўринларини яратади”, деган Трамп.
Шундан кўриниб турибдики, Трампнинг кўнглини тўлдириш учун унда шаклланган тафаккур нимани талаб қилса, шуни бериш кифоя. Яхши келишув, АҚШга озмунча сармоя, ундан ниманидир сотиб олиш ва иш ўрни яратишга кичик бўлса ҳам ҳисса қўшиш – булар унинг кўнглини овлайдиган энг муҳим қадамлардир. Унинг тадбиркорлари ва АҚШ компаниялари билан музокаралари эса Трампнинг кўз ўнгида жуда чиройли манзара яратади. Марҳамат, Ўзбекистон етакчиси бу борада ҳам керакли ҳаракатларни амалга оширди. 22 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президентининг махсус вакили, Тошкентда туғилган Сержио Гор ҳузурида икки томонлама битимларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида Транспорт вазирлиги ва Boeing компанияси ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисида битим, тоғ-кон ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш тўғрисида битим, “Centrum Air” авиакомпанияси ва “Oppenheimer” инвестиция компанияси ўртасида ўзаро шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим, истиқболли майдонларда геология-қидирув ишларини олиб бориш тўғрисида битим ва бошқа яна кўплаб келишувлар бор.
Шу куни Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрига ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари, инвестиция жамғармалари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди. Тадбирда АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор, глобал шерикликлар бўйича махсус вакил Паоло Замполли, “Franklin Templeton”, “Citigroup”, “BNY Mellon”, “NASDAQ”, “Boeing”, “Mastercard”, “Visa”, “General Motors”, “Nvidia”, “Oppenheimer”, “Jefferies”, “Air Products”, “GoGreen Partners”, “Cleveland Clinic” ва “Cargill” каби компанияларнинг топ-менежерлари ҳамда Ўзбекистоннинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Маълумот ўрнида шуни ҳам қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги анча юқорилаган. Товар айирбошлаш ҳажми сўнгги 8 йилда 4 баравар ошиб, АҚШнинг 300 дан ортиқ компанияси Ўзбекистонга сармоя киритган.
Трамп билан юзма-юз
23 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп 7 йиллик танаффусдан сўнг яна учрашди. Албатта, бу гал улар Оқ уйда эмас, Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳида музокара ўтказди. Етакчилар Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари ва устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилгани айтилди. Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Президент Дональд Трампни ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишдаги юксак муваффақиятлари билан табриклади. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Трампнинг Озарбайжон ва Арманистон келишувидаги ва бошқа урушлардаги роли учун Нобель мукофотига лойиқ деб билишини айтди.
Ўз ўрнида Трамп ҳам Шавкат Мирзиёевни буюк лидер деб атади ва Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотларини юқори баҳолади. Трампнинг Ўзбекистонга берган содда таърифига кўра, унинг нефти ҳам, пули ҳам кўпдир. Чунки шу куни АҚШ раҳбарини энг кўп қувонтирган жиҳат – Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари ўртасида 105 миллиард доллар миқдорида келишувлар амалга оширилгани бўлди. Бу кўрсаткич 2018 йил Шавкат Мирзиёевнинг Оқ уйга қилган тарихий ташрифи давомида бор-йўғи 20 миллиард доллар атрофида бўлганди. Бу сафар эса 5 баравар кўпроқ. Музокаралар якунида Ўзбекистон раҳбари Президент Дональд Трампни ўзи учун қулай муддатда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди. Шавкат Мирзиёев уни Самарқандда кўришни хоҳлаётганини билдирди. Трамп эса таклиф учун ташаккур билдиради ва бу ҳақда ўйлаб кўришини айтди.
Мирзиёев Марказий Осиё бутунлай ўзгарганини дунёга етказди
23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида ўзининг навбатдаги чиқишини амалга оширди. У ўз нутқида қатор масалаларга, жумладан, Ғазодаги вазият, Афғонистонга кўмак, Орол денгизни унутиб қўймаслик ва энг муҳими – Хавфсизлик Кенгаши таркибини кенгайтириш ҳақида сўз очди.
“Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз”, деди Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари сўнгги йилларда мамлакатда камбағаллик даражасини 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартиришга эришилганини таъкидлади. Бу, аввало, таълим ва илм-фан соҳасини юксалтириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш ва натижада миллионлаб иш ўринлари яратиш орқали амалга оширилган.
Шавкат Мирзиёев ҳатто БМТ минбарида ҳам Ўзбекистондаги ўқитувчиларнинг обрўси ҳақида сўз очди.
“Мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, ёшларимизнинг олий таълим билан қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга етди. Энг асосийси – ўқитувчи ва устозлик касбининг обрўси ва нуфузини кескин оширишга ҳал қилувчи масала сифатида қарамоқдамиз. Педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказишни таклиф этамиз”, деди Ўзбекистон Президенти.
Давлат раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ният қилгани ва шу мақсадда очиқ ва прагматик сиёсат олиб бораётганини таъкидлади. Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ҳақида айтган гаплари эса катта эҳтимол билан дунё учун яхшигина “сигнал” бўлди. Унга кўра, бундан 8 йил муқаддам БМТ минбаридан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилгани, бугун эса ушбу стратегик мақсадга эришилгани айтилди. Шавкат Мирзиёев минтақада ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври эндиликда тарихда қолганини билдирди.
“Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш бараваргача кўпайди. Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айланганини ҳам умумий ютуғимиз сифатида эътироф этамиз. Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев иккита муҳим масала юзасидан БМТ резолюциясини қабул қилиш лозимлигини айтди. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграциясини чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи резолюция ва Афғонистонда халқаро транспорт ва энергетика коридорларини яратиш бўйича резолюциялардир.
“Глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланиш ҳақида гапирганда, албатта Афғонистон тўғрисида тўхталмаслик мумкин эмас. Афғон халқи тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир. Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз”, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Ғазо ва Украинадаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталиб, бу зиддиятларни ҳал этишда Ўзбекистоннинг позицияси қандай эканини яна бир бор эслатди.
“Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз. Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз”, деди Ўзбекистон Президенти.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев тобора ўткир тус олаётган иқлим ўзгариши муаммоларига Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари мисолида алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, Ўзбекистон Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда ва сўнгги йилларда денгизнинг қуриб қолган тубида 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли чўл ўсимликлари экилди. 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қопламалар ҳосил қилинади.
“Ҳурматли хонимлар ва жаноблар! Янги Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдоридир. Биз халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, умумбашарий мақсадларни рўёбга чиқариш йўлида ўз ҳиссамизни қўшишга доим тайёрмиз. Эътиборингиз учун раҳмат”, дейди у.
Ўзбекистон Президентининг Нью-Йоркка ташрифи давомида жуда юқори темп кузатилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Албания Президенти Байрам Бегай, Иордания қироли Абдулла II, Корея Президенти Ли Чжэ Мён, Чехия раҳбари Петр Павел ва бошқалар билан учрашишга улгурди.
Хулоса қилиб айтганда, АҚШ Президенти томонидан ташрифнинг илк куниёқ мақтовлар эшитиш, жуда катта шартномалар, БМТ минбаридан туриб Хавфсизлик Кенгашини кенгайтиришга чақириқ ва бошқа ҳаракатлар билан давом этаётган бу ташриф Ўзбекистон тарихидаги энг кўзга кўринган сиёсий воқеликлардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.