Weekend: Фаластинни тан олиш ниятидагилар кўпаймоқда, Ким Чен Ин Путиндан “ташаккурнома” олди
Таҳлил
−
28 Апрель 6541 11 дақиқа
Дунёдаги энг жиддий қарама-қаршиликлардан бирининг яна қайтадан аланга олиш хавфи бор. Икки ядровий давлат Ҳиндистон ва Покистон терактдан бошланган можарони сув урушига қадар етаклаб бориш эҳтимоли мавжуд.
Фаластин давлатчилиги учун яна бир яхши хабар. Бир неча ҳафта олдин Франция томонидан ташланган жуда муҳим қадам бугунга келиб аста-секин кенгаймоқда. Шу боис эндиликда Фаластинни Болтиқбўйи давлатларидан бири ҳам тан олиши мумкин.
Путиннинг Украинадаги босқинига кўмаклашиш мақсадида Пхеньяндан юборилган шимолий кореялик аскарлар яна эътибор марказида. Ҳойнаҳой уларнинг Курскдаги сафи қариган. Путин уларга ташаккур билдирди, Ким Чен Ин эса ушбу аскарларидан келган даромадларни тасарруф қилиш ҳақида ўйлаётган бўлса, ажаб эмас.
Ортда қолган ҳафта давомида дунёда рўй берган воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ’нинг Weekend дастури.
Беш “порох”нинг бири портлаш арафасида?
Иккинчи жаҳон уруши якунланганига роппа-роса 80 йил тўлди. Аммо ушбу 6 йиллик қирғинбарот давр ортда қолиши билан ер юзида кейинги глобал уруш учун дарҳол бир нечта қадамлар ташланди. Буларнинг энг биринчилари Ҳиндистон ва Покистоннинг диний кўпчиликка кўра “қўл учида” бўлиниши ва Яқин Шарқда бугун расманасига “саратон бези”га айланган Исроилнинг ташкил топиши эди. 1946-47 йиллар шуниси билан эсда қолди. Шу йўсинда бу йиллар оралиғида 3-Жаҳон уруши учун “икки қадам” ташланди. Орадан бир йил ўтиб, Корея яриморолида ҳам жиддий бўлиниш юз бериб, собиқ Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар таъсирида бошланган бир миллат шимол ва жанубдан иборат иккита давлатга ажралди. Яриморол шу тариқа ер юзидаги сиёсий ва ҳарбий кескинлашувнинг навбатдаги ўчоқларидан бирига айланди.
Бундан яна бир йил ўтиб эса Хитойда яна бир “геосиёсий порох” пайдо бўлди. Анча йиллар олдин ҳокимият тепасига Чан Кайши бошчилигидаги Гоминдан партияси ундан бироз кейинроқ шаклланган Хитой Совет Республикаси билан тўқнашувда имкониятни бой берди. Мамлакат ичида давом этган 20 йиллик фуқаролар урушида СССР томонидан қўллаб-қувватланган коммунистлар ғалабани илиб кетди. 1949 йилда Мао Цзэдун бошчилигидаги кучлар бутун Хитойни бўйсундирди ва Хитой Халқ Республикасини эълон қилди. Чан Кайши бошлиқ Ғарб дастакловчи кучлари эса материкдан узилган Тайвань оролига кўчиб ўтди. Аммо дунё ҳамжамияти узоқ йиллар давомида Хитой деган субъект билан муносабатлар ўрнатишда иккиланишларга дуч келди. 1979 йилга қадар улар Тайвандаги ҳокимиятни тан оларди. Бироқ шу йили ҳаммаси ўзгарди. Бир сўз билан айтганда, Тайвань хиёнатга юз тутди ва ташқи дунё учун Хитой билан алоқаларда коммунистлар устуворлик қила бошлади. Шу тариқа потенциал глобал можаро портлаши учун яна бир “мина” шаклланди.
Бу орада дунёни ларзага солган ва инсониятни жуда узоқ вақт мобайнида қўрқувда ушлаб турган “совуқ уруш” бошланиб кетди. Вашингтон ва Москва қуролланиш пойгасида ким ўзарга мусобақа бошлади. Бироқ бу 1991 йилга қадар давом этди. Шунга қарамай, дунёнинг турли нуқталарида юзага келган ва юқорида санаб ўтилган эҳтимолий можаро ўчоқларидаги кескинлик сақланиб қолди. Замонавий тарихда эса шу тўртда зиддиятли нуқтага яна бири қўшилди. 2000 йиллар бошида Россияда ҳокимият тепасига колониал амбицияли собиқ разведкачи – Путиннинг келиши Украинанинг бугунги тақдирини белгилаб берди.
Шу тариқа ер юзида 5 та “порох” юзага келди. Хитой-Тайвань, Шимолий ва Жанубий Корея, Яқин Шарқдаги Исроил муаммоси, Украина-Россия тўқнашуви. Бугун бу зиддиятда баъзи ўзгаришлар, жумладан, Исроилга қарши араб давлатлари ўрнини Эрон эгаллагани, Хитойнинг Тайванни “тугатиши” шунчаки вақт масаласи бўлиб қолганига қарамай, кескинликлардаги умумий вазият ҳали ҳам ўша-ўша. Ортда қолган қолган даврда бу оловли 5 нуқта ичида Шарқий Европа ва Яқин Шарқдагилар қисман портлади. Бугун эса юқорида санаб ўтилган қарама-қаршиликлар ичидаги энг жиддийларидан бири – Ҳиндистон ва Покистондаги тахмин қилинган можаро ўт олди. Икки мамлакат ҳам ядро клубининг тўлақонли аъзоси бўлгани сабабли бу можаро тўғридан тўғри қуролли тўқнашувга айланиб кетса, миллионлаб инсонлар ҳалок бўлиши ҳақида хавотирлар бор.
Қонли теракт воқеасидан бошланиб, сув можаросига бурилган бу зиддият айни кунларда бутун дунё миқёсида хавотир билан қарши олинмоқда. Гап шундаки, 22 апрель куни гўзал Кашмир минтақасида юз берган отишма оқибатида камида 26 нафар сайёҳ ҳалок бўлди ва 20 дан ортиқ киши яраланди. Отишма Пахалгам шаҳрида юз берган. Номаълум шахслар Байсаран водийсидаги сўқмоқ бўйлаб юрган сайёҳларга қарата ўқ узган. Ҳиндистон бу ҳодисани теракт деб таснифлаган ҳолда мазкур воқеликда Покистонни айблади ва Бош вазир Моди бунга нисбатан жиддий ёндашди. Ҳиндистон Покистоннинг Кашмир ҳудудидаги террорчи гуруҳларни қўллаб келмоқда деган гумонда унга нисбатан чоралар қўллашни бошлади.
Дастлаб Покистон билан чегарада жойлашган Аттари номли асосий назорат-ўтказиш пунктини ёпилиши маълум қилинди. Шунингдек, 1960 йилда имзоланган “Ҳинд дарёси бўйича” келишув тўхтатилди. Бу эса Ҳинд дарёсини тўсиб қўйган ҳолда ундан Покистон фойдаланишини чеклаш имонини беради. Ушбу битим Покистонга сиёсий ва ҳарбий зиддиятларга қарамасдан сув ресурсларидан фойдаланишга кафолат берарди. Эндиликда у Покистон “халқаро терроризмни қўллаб-қувватламаслик” ҳақида қатъий ва аниқ баёнот бермагунча кучсиз ҳисобланади.
Шунингдек, Жанубий Осиё Минтақавий Ҳамкорлик Ташкилотининг (SAARC) доирасидаги визасиз кириш дастури Покистон фуқаролари учун тўхтатилди. Аввал берилган барча SPES визалари бекор қилинди, бу визалар билан Ҳиндистонда бўлиб турган Покистон фуқаролари 48 соат ичида мамлакатни тарк этиши керак.
Аммо Покистон ҳам жим тургани йўқ. У ўз ўрнида Ҳиндистонга дарҳол жавоб қайтарди. Хусусан, мамлакат ҳаво ҳудуди Ҳиндистон авиакомпаниялари учун ёпилди, икки томонлама савдо тўхтатилди. Шунингдек, расмий Исломобод Ҳиндистонни сув оқимини буриш ниятидан тийилишга чақирди. Акс ҳолда бу ҳаракат уруш эълони сифатида қабул қилиниши ҳақида огоҳлантирди. Бу чора-тадбирлар Ҳиндистоннинг олти ўн йиллик тарихга эга Ҳинд дарёсида сув тақсимоти бўйича битимни бир томонлама бекор қилганидан ва бошқа кескин қарорларидан сўнг амалга оширилди.
Ҳиндистон мазкур қарорларини Жамму ва Кашмирда туристларга қилинган теракт ортидан қабул қилган. Мазкур ҳужумда 26 киши, жумладан бир нафар Непал фуқароси ҳалок бўлган. Ҳиндистон Покистонни ҳужумда айбламоқда, расмий Исломобод эса бу айбловни қатъиян рад этиб, уни “ёлғон байроқ операцияси” деб атади. Орадан кўп ўтмай, Ҳиндистон Ҳинд дарёсининг Покистон томонга оқимини бутунлай тўсиб, тўғонлар ва каналлар орқали сув оқимини тартибга солувчи барча тўрт шлюзни ёпди. Бундан бир неча ўн йиллар олдин Ҳинд дарёси сув ресурслари бўйича битим имзолангандан буён биринчи марта бузилди. Шу билан деярли бир вақтда Ҳиндистон ва Покистон ҳарбийлари Жамму ва Кашмирда жойлашган назорат чизиғи бўйлаб бир-бирига қарата ўт очди. Бу воқеа Ҳиндистон армияси бош қўмондони, генерал Упендра Двиведининг Шринагар ва Удхампурга ташрифидан бир неча соат аввал юз берган. Деҳли ва Исломобод бир-бирини ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айблади.
25 апрель куни Покистон Мудофаа вазири Хавожа Асиф “Sky News” телеканали эфирида Ҳиндистон билан урушга тайёр эканини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат расмийлари бир-бирига қарата таҳдидли риторикага ўтишди. Покистон расмийларидан бири мамлакатдаги ядро арсенали айнан Ҳиндистоннинг эҳтимолий тажовузи учун яратилганини маълум қилди.
Бугунгача эса кескинлик тугамаган. Дунё ҳамжамияти иккиси ҳам ядровий давлатлар ҳисобланувчи Ҳиндистон ва Покистонни миллионлаб инсоннинг ёстиғини қуритиши мумкин бўлган бу можарони тинч йўл билан тугатишга чақиряпти. Зеро бу бирида 1.4 миллиард, бошқасида эса 260 миллионга яқин аҳоли бор бўлган мамлакатлар учун жуда муҳим ва ҳаётий зарурат.
Маълумот учун, Кашмир минтақаси Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги баҳсли ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда, шунингдек, босқинчилик ҳаракатлари ортидан Хитой ҳам ўз назорат ҳудудига эга. Аммо Кашмирнинг катта қисми Покистон ва Ҳиндистон томонидан бўлиб олинган. Минтақанинг жануби-шарқий қисми расмий Деҳли, шимоли-ғарби эса Исломобод томонидан бошқарилади. Ҳиндистон эса Покистонни ушбу ҳудудда жангариларни қўллашда айблаб келади. Унинг наздида Исломобод Кашмирдаги экстремистларга “ҳомийлик” қилади. Покистон эса бу айбловларни рад этади. Ҳиндистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг апрелидан октябригача бўлган даврда Кашмирда жангарилар ҳужумлари оқибатида 44 киши ҳалок бўлган.
Фаластинни тан олувчилар кўпаймоқда
Фаластинни тан олиши мумкин бўлган мамлакатлар борган сари кўпаймоқда. Бир неча ҳафта олдин Франция Президенти томонидан берилган кутилмаган баёнотдан сўнг, унга эргашувчилар сони ортяпти. Эндиликда Яқин Шарқдаги геноцид ва у ерда бўлаётган ғайриинсонийликнинг аянчли қичқириқлари Болтиқбўйига ҳам “эшитилди”. Аниқроғи, Литва Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш ва барча асирларни озод қилиш шарти кучга кириши билан Фаластинни тан олиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Кястутис Будрис журналистларга берган интервьюсида маълум қилди.
Будриснинг сўзларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни озод қилиш, шунингдек, минтақада барқарорликка олиб келадиган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш биринчи навбатдаги вазифа бўлиши керак. Унинг қўшимча қилишича, Литва Франциянинг ташаббуслари ва бошқа давлатларнинг қарорларини диққат билан кузатиб бормоқда. Бу эса Литва Европа Иттифоқининг айни дамдаги ҳақиқий етакчиси бўлган Францияга эргашиши, Париж яқин фурсатларда Фаластинни тан олгудек бўлса, унга эргашишни жуда оҳисталик билан етказмоқда. Чунки бундан 3 ҳафта олдин Эммануэль Макрон Мисрга расмий ташрифи чоғида Саудия Арабистони билан бирга яқин келажакда икки давлат ечими бўйича халқаро конференция ташкил этишини маълум қилганди. Макрон бу конференция доирасида Франция тез фурсатларда Фаластин давлатини тан олиши мумкинлигини айтди.
Энг қизиғи, у Францияда бундай тўсиқ йўқлигини ўтган йилдаёқ тасдиқлаганди. Европадаги лидер давлатнинг мазкур қарорга келишига 2023 йилнинг 7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазода қилаётган ғайриинсоний қилмишлари сабаб бўлди. Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йил май ойида бир вақтнинг ўзида қитъадаги 3 давлат – Испания, Ирландия ва Норвегия Фаластин давлатини расман тан олганди. Бу билан Фаластин давлатчилигини тан олган давлатлар сони ниҳоят 140 дан ошди.
Ким ва Путин “стакан уриштиришди”
Эсингизда бўлса, 2024 йилнинг октябрь ойида Россияга 10 мингдан 12 минггача шимолий кореялик ҳарбийлар етиб келгани ҳақида хабарлар тарқаганди. Путин буни йил охирроғида тан олди. Ким Чен Ин эса жорий йил апрель ойи охирида унинг аскарлари Украинадаги босқинчилик ҳаракатида қатнашганини деярли бутун дунё билганидан сўнггина тан олди.
Шимолий Корея диктатори ўз Қуролли кучларининг бу операциядаги иштирокини “КХДР ва Россия ўртасидаги анъанавий дўстлик ва бирдамликни монолит тарзда мустаҳкамлаш учун муқаддас миссия” деб атаган. Қайд этилишича, Пхеньянда Курск вилояти учун жангларда ҳалок бўлган шимолий кореялик ҳарбийлар хотирасига “Жанговар шон-шараф монументи” қад кўтаради.
Шу ўринда Россия Президенти Владимир Путин ҳам Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга ва Шимолий Кореянинг барча раҳбариятига Курск вилоятидаги жангларда кореялик жангчиларнинг кўрсатган ёрдами учун миннатдорлик билдирди. Путинга кўра, шимолий кореялик ҳарбийларнинг Курскдаги ҳаракатлари гўёки халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эмас. Россия етакчиси, шунингдек, кореялик ҳарбийларнинг юксак тайёргарлиги ва фидойилигини алоҳида қайд этган. Шундай қилиб, Россия Курскдаги мақсадларига деярли етди ва бунда Пхеньяндан келган “ёрдамчилар” муҳим роль ўйнади.
Ўзи, умуман олганда, Шимолий Корея ва Россиянинг ҳарбий ёрдам соҳасидаги ҳамкорлиги ва бу бир-бирига аскар жўнатишгача етиши улар ўртасидаги битимга бориб тақалади. Жумладан, КХДР ва Россия ўртасидаги бундай яқинлик “Ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисида”ги шартнома туфайли вужудга келган. Ким Чен Ин ҳам айнан шу шартнома ва ундаги 4-моддага биноан ўз ҳарбийларининг Курскдаги ҳарбий аралашувини оқлади. У ҳатто бу ишни “анъанавий дўстлик ва бирдамликни монолит тарзда мустаҳкамлаш йўлидаги муқаддас миссия” деб ҳам атаган.
Маълумот учун, шимолий кореялик ҳарбийлар Курск вилоятидаги жанглар давомида ярадор ва ўликлар билан умумий ҳисобда 4 минг нафар аскар йўқотгани Украина Президенти томонидан маълум қилинганди. Худди шундай рақамлар бугунги кунда Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси томонидан ҳам тахмин қилинмоқда. Аммо Кимлар режимини бундай рақамлар қизиқтирмаслиги унинг шунча йиллар давомида мамлакат ичида амалда бўлиб келаётган тоталитар тузумдан англаш қийин эмас.
Умуман олганда, шимолий кореялик аскарлар Россиянинг Украинадаги босқинида қатнашишини жон ва моддият алмашинуви десак муболаға бўлмайди. Чунки бундан сал аввалроқ KIDA таҳлилий маркази эълон қилган маълумотларга кўра, Шимолий Корея бундай ёрдам эвазига Россиядан пул ва техник кўмак, жумладан, замонавий ҳарбий технологиялар – атом сувости кемалари ҳамда замонавий қирувчи самолётларни олганини маълум қилганди. Россияга етказиб берилаётган артиллерия снарядлари, танкка қарши гранатомётлар ва баллистик ракеталар каби ҳарбий маҳсулотлар учун эса пул кўринишида олинган умумий сумма 20 миллиарддан ошиқроқ экани айтилганди. Баъзи маълумотларга кўра, Пхеньян Россияга денгиз орқали 21 мингта контейнер юборган, қўшимча таъминот эса ер ва ҳаво йўли орқали амалга оширилган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ҳарбий хизматчилар ҳаётини Россия қўлига топшириш орқали Ким режими 280 миллион доллар даромад олган. Россия томонидан шимолий кореялик ҳарбийларга ҳар ой тўланган 2000 долларлик маош ҳам Шимолий Корея ҳукумати томонидан тортиб олинган.
Live
Барчаси