Вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёши ўзгаряпти
Жамият
−
09 Октябрь 2021
11333Ўзбекистонда вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини кўтариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида белгиланган.
Лойиҳа Бугун, 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, қонун билан Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, вояга етмаганларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтариш, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар, хусусан, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддалари санкцияларини кучайтириш назарда тутиляпти.
Шунингдек, лойиҳага вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида тўрт соатдан ошмаслигини белгилаш, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этишини таъминлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Муҳокамалар сўнггида, қўмита томонидан қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси