Воситачи томонлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳни узайтиришга яқин турибди – “Reuters”

Олам

image

Миср, Қатар, Қўшма Штатлар икки уришаётган томонлар – Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда воситачи давлатлар сифатида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини узайтиришга яқин турибди. Бу ҳақда Миср хавфсизлик кучларидаги учта манбага таяниб, “Reuters” агентлиги хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, томонлар гуманитар сулҳ қанча муддатга узайтирилиши ва унга мувофиқ қайси фаластинлик маҳбуслар озод этилишини муҳокама қилмоқда.

Ўз навбатида, Американинг “The Wall Street Journal” газетаси томонлар сулҳни тўрт кунгача узайтиришни режалаштираётганини ёзмоқда. Айни пайтда Исроил қамоқхоналаридаги фаластинлик маҳбусларни озод қилиш ва Ғазога кўпроқ инсонпарварлик юкларини етказиб бериш эвазига яна камида 20 нафар исроиллик гаровга олинган – аёллар ва вояга етмаганларни озод қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Маълумот учун, 22 ноябрь куни Миср ва Қатар воситачилигида ҲАМАС ва Исроил ўртасида Ғазо секторида тўрт кунлик гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришгани эълон қилинди. Битимлар Исроил қамоқхоналаридан 150 нафар ўсмир (19 ёшгача) ва аёлларни озод қилиш эвазига анклавда сақланаётган 50 нафар болалар, ўсмирлар (19 ёшгача) ва аёлларни озод қилишни назарда тутади. Сулҳ 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 07:00 да кучга кирди ва шу куни гаровга олинганларнинг биринчи гуруҳи озод қилинди. Дастлаб, келишув ҳар бир қўшимча 10 кишилик гаровга олинган гуруҳни озод қилиш учун ушбу паузани бир кунга узайтириш имкониятини назарда тутган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 ноябрь куни Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху АҚШ Президенти Жо Байден билан телефон орқали суҳбатдан сўнг Ғазо секторидаги тўрт кунлик гуманитар паузани кунига қўшимча 10 кишини гаровдан озод қилиш шарти билан узайтириш имкониятини ижобий баҳолашини айтганди. Шу билан бирга, у пауза тугаганидан кейин Исроил ҳар қандай ҳолатда ҳам Фаластин анклавида ҳарбий амалиёт ўтказишга қайтиш ниятида эканини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг