“Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари қурилади – Мирзиёев
Жамият
−
25 Сентябрь
9191“Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади. Бу ҳақда бугун, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши IX йиллик йиғилишининг очилиш сессиясида сўз очди.
Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилишни давлат-хусусий шерикликка берилади. Шунингдек, келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади. Масалан, Самарқанд вилоятининг электр тармоқларини бошқарувга олиш бўйича ўтказиладиган тендерга 50 дан зиёд хорижий нуфузли компаниялар ўз қизиқишини билдирди.
"Шу билан бирга, бизда ҳар йили 100 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон каби йирик шаҳарларимиз ҳамда қолган вилоятлар марказларига йўлдош “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаларини қуриш бўйича катта лойиҳаларни амалга оширяпмиз.Бу борада ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳаларни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганимизни алоҳида эътироф этмоқчиман. Ишончим комил, Банк ва бошқа ҳамкорларимиз билан бундай инфратузилмавий лойиҳаларни янада кенгайтирамиз", деди Мирзиёев.
Қайд этилишича, саммитнинг асосий мавзуси – "Барча учун барқарор инфратузилма яратиш". Кун тартибидан глобал иқтисодиёт ва молия соҳаларидаги долзарб масалалар, Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларида инфратузилмани ривожлантиришнинг стратегик дастурлари ва режаларини муҳокама қилиш ўрин олган.
Шавкат Мирзиёев форумнинг асосий мавзусини инобатга олган ҳолда, барқарор инфратузилмани яратиш соҳасида халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича катта тажриба тўпланганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Мамлакатда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш дастури қабул қилинган. Хусусан, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўлларини қуриш, Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Навоий-Бухоро тезюрар темир йўлини барпо этиш, 6 та халқаро аэропортни модернизация қилиш ва бошқа муҳим лойиҳалар амалга оширилади.
ОИИБ билан ўрта шаҳарларни ривожлантириш ва қишлоқ жойларда инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.
Яна бир устувор йўналиш - "яшил" иқтисодиётни жадал ривожлантириш. Ўзбекистонда 2030 йилга бориб "яшил" энергия улушини 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. Яқин йилларда қуёш, шамол ва гидро электр станциялари, инфратузилма объектлари ва тармоқларини қуриш режалаштирилмоқда.
Йирик "яшил" маълумотлар марказларини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бундан ташқари, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига "яшил" сертификатлар бозори шакллантирилади. Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёни "яшил" энергиянинг йирик экспортчисига айлантиришга қаратилган катта ишларни алоҳида таъкидлади. Бунинг мисолларидан бири Транскаспий энергия кўприги қурилиши ҳисобланади. Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда Марказий Осиёда "яшил" энергетикани ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф этилди.
Шунингдек, йирик минтақавий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга бўлган эҳтиёж ошиб бораётганига эътибор қаратилди. “Хитой - Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бунинг ёрқин мисолидир. Айни пайтда Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда. Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича Минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Президент ОИИБнинг Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади. Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олган қўшма лойиҳалар портфели 3 миллиард доллардан ошган. 4 миллиард долларлик янгиланган дастурни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
"Келгуси икки кунда Банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди. Сизлар қабул қиладиган қарорлар Банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 миллиарддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади", деди сўзининг якунида Президент Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари саммит ишига муваффақиятлар тилади.
LiveБарчаси