ҚҚС 20%дан 15%га туширилди. 1 октябрдан солиқ сиёсатида ўзгаришлар кутилмоқда
Жамият
−
26 Сентябрь 2019
12992Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, мамлакатда 2019 йилнинг 1 январидан буён амалда бўлиб келган 20% ҚҚС 15%га туширилди.
Фармонга мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.
Шунингдек, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.
• Бундан ташқари, Фармонга кўра 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳаси тайёрланишида:
• давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш;
• дивидент шаклида тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилаш;
• қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш назарда тутилади.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб илгари Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови суммаси Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади.
LiveБарчаси