“Виждонсизларнинг ҳокимиятга келишига халқ айбдор”. Ташиев парламентда “тозалаш” бошланганини айтди
Олам
−
18 Апрель
15429Виждонсиз номзодларнинг Жогорку Кенешга кириб келишига сайловчиларнинг ўзлари айбдор. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Жалолобод вилоят ҳокимлигида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Биз, сайловчилар виждонсиз номзодларни сайлаганимиз учун ўзимиз айбдормиз. Шуни эсда тутишингизни сўрайман: агар сизлардан кимдир сайловчиларни алдашга ёки пора беришга ҳаракат қилса, биз қонуний чора кўрамиз. Хоҳ парламент бўлсин, хоҳ давлат хизмати бўлсин, у ерда муносиб одамлар ишлаши керак. Агар мансабдорлардан бири сайлов жараёнига таъсир ўтказмоқчи бўлса, биз уларни жавобгарликка тортамиз”, деган Ташиев.
Ташиевнинг қўшимча қилишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси коррупцияга қарши курашни давом эттиради ва парламентда тозалаш ишларини олиб боради.
"Парламентга инсофсизлар кириб келди. Ҳозир тозалаш кетяпти. Бу келажакда ҳам давом этади. Номзодлар пул, таниш-билиш ёки юқори мартабали қариндошлари ёрдамида курсини эгаллашига умид боғламаслиги керак. Бугун халққа, ватанга хизмат қилишга тайёр одамлар ҳокимиятга келиши керак. Парламентда коррупционерлар ва уларнинг ҳамтовоқлари бўлмаслиги керак. Жогорку Кенешни улардан тозалаяпмиз. Натижаларини шу орада сезасиз.Сўнгги пайтларда 5-6 нафар депутат кетди: кўпчилиги ўз хоҳиши билан чиқиб кетди. Биз уларга хатоларини кўрсатдик. Мансабга ёпишиб олганларни қонун доирасида жавобгарликка тортамиз”, деган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
LiveБарчаси