Ўзбекистонда вилоятлараро ҳаракатланиш тўхтатилди
Жамият
−
27 Март 2020
7042Бугун, 27 мартдан бошлаб Ўзбекистонда вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
“Ҳурматли фуқаролар мамлакатимизда коронавирус инфекцияси кенг миқиёсда тарқалишининг олдини олиш мақсадида бугун, 27 март соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро йўналишларда барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди.
Аҳоли саломатлигини асраш, санитария осойишталигини таъминлаш мақсадида жорий этилаётган вақтинчалик чеклов чораларини тўғри баҳолаган ҳолда унга сўзсиз амал қилишингизни сўраб қоламиз.
Карантин қоидаларига қатъий амал қилиш ва асосий вақтни уйда ўтказиш коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олишда энг самарали усулдир. Шу боис зарурат бўлмаганда, кўчага чиқмасдан, оила даврасида қолиш жуда муҳимлигини эслатиб ўтмоқчимиз”, дейилади вазирлик баёнотида.
Қайд этилишича, ушбу чеклов чораси юк ташувлари билан шуғулланаётган автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчиларига нисбатан тадбиқ этилмайди. Бироқ юк автотранспорт воситаларида ҳужжатларда қайд этилмаган шахсларнинг ҳаракатланишига ҳам йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар 83 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor