Ҳокимлар ҳар бир болага ўз фарзандидек қараши керак – Мирзиёев
Жамият
−
30 Июнь 2604 4 дақиқа
Вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарур. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда маълум қилди.
Билдирилишича, республика бўйича 15 мингга яқин ўқув ва 7,5 мингта касбга тайёрлаш марказлари мавжуд. Сўнгги йилларда уларга 100 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилди. Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари ушбу марказларга ҳам мурожаат қилиб, ҳозирги кўрсаткичлар билан чекланиб қолмасликка, кенгайишга, замонавий касблар ва хорижий тилларни ўрганаётган ёшларни кўпайтиришга чақирди, бунинг учун ҳар қандай шароит яратишга тайёрлигини билдирди.
Вилоят, туман ҳокимлари ҳар бир болага ўз фарзандидек қараб, соғлиги, ўқиши, юриш-туриши, қизиқиш ва орзулари, муаммоларидан доим хабардор бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Улар ёшлар билан доимий мулоқот платформасини йўлга қўйиб, мактаб, олийгоҳ, ўқув ва касб марказлари, тадбиркорларни бошини қовуштириб, ёшларга кўмаклашадиган тизим қилса, албатта натижа бўлиши таъкидланди.
“Бу ишлар “кампаниябозлик” бўлмаслиги, ўзгаришларни ҳар бир маҳалладаги ҳар бир ёш ҳар куни чуқур ҳис қилиши зарур.
Ана шунда Янги Ўзбекистонда таълим олмаган, ишсиз, касб эгалламаган, бир сўз билан айтганда, уюшмаган ёшлар деган тушунчаларнинг ўзи қолмайди!”, деди Президент.
Шунингдек, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиб, ҳудудини намунали қилган вилоят ва туманлар кўплиги таъкидланди. Масалан, ёш тадбиркорлар ташкил қилган 261 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошди.
Илгари бу борада Тошкент шаҳри якка пешқадамлик қилган бўлса, бугунга келиб Тошкент вилояти, Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ёшларининг бизнесдаги натижалари пойтахтдан қолишмаяпти. Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Хоразм ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудларга айланди.
Ёшларнинг олийгоҳга кириш кўрсаткичи бўйича Сурхондарё бир йил ичида 11-ўриндан 4-ўринга кўтарилиб, катта сакраш қилди. Жиззах ва Сирдарё ҳам яхши натижа кўрсатмоқда. Икки йил олдин халқаро фан олимпиадаларида 7 та ҳудуддан 45 нафар ўқувчи соврин олган бўлса, ўтган 6 ойда уларнинг сафига Жиззах, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм, Тошкент вилоятлари ўқувчилари ҳам қўшилиб, жами 166 та медаль қўлга киритилди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг ёшлар ўқитилди. Айниқса, Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд ёшлари ITдан катта даромад топишни ўрганиб олди. Бошқа бир мисол: ўтган йили 150 мингдан зиёд ёшлар халқаро тил сертификатлари олди, бу 2023 йилга нисбатан 2 баравар кўп. Хорижий тилларни мукаммал билиш бўйича Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Бухоро ва Самарқанд ёшлари анча илгарилаб кетди.
“Албатта, ёшларнинг тилини ёшлар тушунади, улар бир-биридан ўрнак олади, бир-бирига мотивация беради. Шу боис, 9 мингдан зиёд маҳаллада ёшлар етакчиларини тайинладик. Улар уч йил давомида кўп нарсани ўрганди, етарли тажриба орттирди. Энди, улар мактаб, техникум, тил ва касб марказлари билан ҳам ишлашни ўрганиши керак”, деди Президент.
Маҳаллаларда 167 минг нафар уюшмаган ёшлар, тарбияси оғир ва ҳуқуқбузарлик қилган 17 минг ўқувчи борлиги барчани ўйлантириши кераклиги қайд этилди. Шу ўринда давлат раҳбари янги сайланган маҳалла раисларига мурожаат қилди:
“Маҳалладаги тинчлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, соғлом муҳит кимга боғлиқ? Аввало, сизларга боғлиқ. Маҳаллада битта боланинг нотўғри йўлга кириши ҳам фавқулодда ҳолат бўлиши керак. Шунинг учун, ҳар бир бола ҳақида, унинг тақдири, келажаги ҳақида аввало сизлар кўпроқ қайғуришингиз лозим”.
“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш зарур. Боланинг ёмони бўлмайди. Уларга катталарнинг меҳри, имкониятларини намоён қилиш учун шароит, ўзига ишонч бўлиши учун мотивация керак”, деди Президент сўзининг давомида.
Мисол учун, Тадбиркорлик жамоатчилик кенгаши аъзолари – 108 нафар “чемпион” тадбиркор ўзларининг 308 та корхонаси атрофидаги мактабларга бориб, юқори синф ўқувчиларини касбга қизиқтираётгани мамнуният билан қайд этилди. Энг муҳими, бу ўқувчиларнинг аксарияти келажакда ҳаётини қайси касбга боғлаш ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқда.
“Бундай ташаббускор, фидойи, ватанпарвар тадбиркорлар – менинг қанотларим. Айтинг, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга етаклаш, ишли ва даромадли қилиш учун сизларга яна қандай шароит қилиб берай? Катта-катта тадбиркорларимиз ҳокимлар билан учрашиб, таклифларини тез кунда шакллантириб берсалар, буларнинг барчасини кўриб чиқишга тайёрман”, деди Президент.
Live
Барчаси