Виктория шаршарасида ноёб “Ой камалаги” кузатилди

Олам

image

Зимбабве ва Замбия давлатлари чегарасида жойлашган дунёга машҳур Виктория шаршарасида табиатнинг энг ноёб ва кам учрайдиган ҳодисаларидан бири – “Ой камалаги” кўринди. Бу ҳодиса қуёш нури эмас, балки тўлин Ой нури сув томчиларида синиши ва акс этиши натижасида ҳосил бўлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Тунда шаршара ҳудудида тўпланган сайёҳлар ушбу ноёб манзарани кўриш учун соатлаб кутган. Аввалига баъзилар туман ичида хира ёруғликни сезганини айтиб ишора қилган, бироқ у тезда йўқолган. Орадан бироз вақт ўтиб эса қоронғу осмон ва шаршара туманида аниқроқ ёй шакли пайдо бўлиб, аста-секин кучайган.

Саёҳатчилар шаршара ҳудудига яқинлашганида, аввало қулоққа кучли гумбурлаш овози чалинган. Бу товуш аста-секин кучайиб, атрофдаги бутун муҳитни қамраб олган. Кейинчалик эса 100 метрдан ортиқ баландликдан тушаётган сув массаси ҳосил қилган зич туман ва пуркагичлар орасида хира ёруғлик ёй шаклини ола бошлаган.

Ҳодисага гувоҳ бўлганларнинг айтишича, бу манзара дастлаб сезилмас даражада бўлган. Сув буғи ичида хира оқ доғ пайдо бўлган, сўнгра аста-секин ёй шаклига кириб, қоронғу осмон фонида чўзилган ёруғ чизиққа айланган. Табиий ёруғлик ва сув заррачаларининг уйғунлиги бу манзарани янада сирли ва ғайриоддий кўринишга олиб келган. Ой камалаги пайдо бўлганда атрофда чуқур жимжитлик ҳукм сурган, одамлар бу манзарани ҳайрат билан кузатган. Ёруғликнинг жуда нозик ва тарқоқ кўриниши уни оддий камалакдан фарқлаб туради, баъзан эса фақат камералар узоқ экспозиция орқали унинг рангларини – қизил, кўк ва бинафша тусларни аниқроқ кўрсатиб бера олади.

Мутахассисларнинг фикрича, ой камалаги жуда ноёб атмосфера ҳодисаси бўлиб, унинг ҳосил бўлиши учун бир нечта табиий шартлар бир вақтда мос келиши керак: осмонда ёрқин тўлин ой бўлиши, осмон булутсиз бўлиши ва ҳавода етарли миқдорда сув томчилари мавжуд бўлиши зарур. Бундан ташқари, кузатувчи жойлашуви ҳам муҳим, яъни Ой орқа томонда, шаршара эса олд томонда бўлиши керак.

Торонто университети физика профессори Кимберли Стронгнинг таъкидлашича, Ой камалаклари оддий кундузги камалаклардан анча хира бўлади, чунки ой нури қуёш нурига нисбатан анча суст. Шу сабабли уларни инсон кўзи билан аниқ рангларда ажратиш қийин, баъзан эса улар деярли оқ ёки кулранг тусда кўринади.

Бироқ Виктория шаршараси ой камалакларини мунтазам кузатиш мумкин бўлган дунёдаги энг яхши жойлардан бири ҳисобланади. Бунга сабаб эса шаршарадан доимий равишда кўтарилиб турадиган улкан сув буғи массаси бўлиб, у камалак ҳосил бўлиши учун зарур муҳитни яратади. Аммо мутахассислар бу ҳодиса ҳар доим ҳам юз бермаслигини, фақат тўлин Ой давридаги айрим тунларда ва қисқа вақт давомида кўринишини таъкидлайди. Уларнинг фикрича, айнан шу нозиклик ва кам учраши Ой камалагини табиатнинг энг сирли ва энг гўзал ҳодисаларидан бирига айлантиради.

Зарнигор Худойбердиева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Виктория шаршараси “Ой камалаги”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар