Тўйларни қисқартириш бўйича ишларни давом эттирамиз – Президент
Жамият
−
20 Январь 2020
8471Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 январь куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида ушбу қарорга тўхталди. Президентнинг фикрича, бу борадаги ишларни давом эттириш керак. Бунда эса кексалар, нуронийларнинг фаоллиги муҳим.
“Бу қарорлар халқимизнинг манфаати учун хизмат қилади. Бу бировга ўзимизни "кўз-кўз қилиш" учун эмас. Маданиятимизга хизмат қилади, маънавиятимизга хизмат қилади. Тўйлар бўйича ишларимизни давом эттиришимиз керак”, дейди давлат раҳбари.
Давлат раҳбари сўзида давом этиб, нуронийларнинг ҳаётдаги фаоллигини ошириш масаласига эътибор қаратди. Бунда эса асосий ташаббускор телевидение бўлиши кераклигини қайд этди.
“Нуронийлар томошабин бўладиган вақт ўтиб кетди. Улар ҳаётимизга нур бериб, ёшларнинг тарбиясига, ислоҳотларимизга ҳисса қўшиши керак”.
Президент бу ҳақда гапираркан, ўз болалигини хотирлади.
“Ёшлигимизда телевизорда иккита нарсани кўрардик. Биринчиси “Пахтакор”нинг ўйини, иккинчиси “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”ни кўрардик. Телевизори бор уйнинг эшиги очиқ турарди. Шу куни сувлар сепиб, сўрига кўрпачалар солиб қўйиларди. Ҳозир ҳам кўрсак бўлади, худди ўша замондаги, лекин ҳозирги даврга мос. Неча марта айтдим, “Нуроний” жамғармасига пул бериб, кўрсатайлик. Лекин натижа йўқ”, дейди давлат раҳбари.