Эрдўған зилзилада қурбон бўлган она-боланинг жанозасида қатнашди
Олам
−
26 Январь 2020
12715Туркияда зилзила хавфи ортиб бормоқда. 24 январь куни Элязиғ, Малатя ва Диёрбакир вилоятларида 6,8 балли зилзила қайд этилган эди. Бугун, 26 январь куни маҳаллий вақт билан соат 5:22 да Малатяда 4,3 балли, соат 5:47 да Элязиғда 3,9 балли навбатдаги ер силкинишлари кузатилди.
Кеча содир бўлган кучли зилзила оқибатида кўплаб бинолар вайрон бўлди. Ҳаробага айланган бинолар 76 та экани айтилмоқда. Юзлаб одамлар вайроналар остида қолди. Улар орасида кексалар, болалар ва ҳатто ҳомиладор аёллар ҳам бўлган.
Зилзила ортидан қурбон бўлганлар 31 нафарга етди.
Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 25 январь куни Элязиғ вилоятига борди. Президент зилзила оқибатида қурбон бўлган она-боланинг жанозасида иштирок этди. Сўнг вайроналарни кўздан кечириб, уларни тиклаш, аҳолини эвакуация қилиш бўйича топшириқлар берди. Давлат раҳбари шифохоналарда бўлиб, зилзилада жароҳатланганлар холидан хабар олди. Уларга зарур ёрдамлар кўрсатилишини ваъда қилди.
"Халқимизнинг ёнидамиз. Кеча содир бўлган зилзила ортидан амалга оширилган ишларни назорат қилиш ва сўнгги вазият билан танишиш учун Элязиғга келдик", деб ёзади Эрдўған Instagram'даги саҳифасида.
Зилзила Элязиғ вилоятининг Сивриж шаҳрида қайд қилинган. Зилзила ўчоғи 7 км ер остида бўлган. Зилзиладан кейин 2,7 дан 5,4 магнитудагача 118 та афтершок қайд қилинган.
Ушбу зилзила кучини Туркияда 500 мингга яқин одам ва қўшни Ироқ, Сурия ва Ливан аҳолиси сезган.
Маълум қилинишича, зилзила оқибатида биноларга жиддий шикаст етган. Воқеа жойига қидирув-қутқарув хизматларининг мингга яқин ходими жўнатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябрь ойи охирида Истанбулда 5,5 балли зилзила юз берганди. Бундан ташқари, яна 30 га яқин кучсизроқ силкинишлар юз берганди. Натижада 500 дан ортиқ иншоотга жиддий зарар етганди.