Ўзбекистонликларнинг ички аъзоларини пуллаган шифокор ушланди
Олам
−
20 Ноябрь 2019
22725Қозоғистонда Чимкент шаҳридаги шифохона бош шифокори Абил Донбой полиция ходимлари томонидан ҳисбга олинди. Унга инсон ички аъзоларини ноқонуний олиш айблови қўйиляпти. Бу ҳақда “Tengrinews.kz” хабар берди.
Чимкент 1-рақамли шаҳар клиник шифохонаси бош шифокори жорий йилнинг 18 ноябрь куни Қозоғистон ИИВ Тергов департаменти томонидан қўлга олиниб, вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилди. Судгача тергов давомида аъзолар трансплантацияси соҳасида ноқонуний фаолият юритувчи жиноий гуруҳ аниқланган.
Гуруҳ таркибида чет эл фуқаролари ҳам бўлган. Донор сифатида моддий шароити оғирлиги туфайли ўз аъзоларини сотишга мажбур бўлган Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина фуқаролари жалб этилган. Исроил ва бошқа узоқ давлатларнинг фуқаролари уларнинг аъзоларини сотиб олишган.
Терговчилар шифохона бош шифокори 37 ёшли Абил Донбой жиноий гуруҳ аъзолари билан тил бириктириб, катта пул эвазига ички аъзоларни кўчириб ўтказиш бўйича ноқонуний операцияларни амалга оширганини аниқлашди.
Шифокорга Қозоғистон Жиноят кодексида назарда тутилган моддаларга кўра трансмиллий жиноий гуруҳда иштирок этиш ҳамда одамларнинг аъзоларини ноқонуний олиш айблови қўйиляпти. Айни вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
LiveБарчаси