Видео: Қозоғистонда кучли портлаш бўлди. Аҳоли эвакуация қилиняпти
Олам
−
24 Июнь 2019
13583Бугун, 24 июнь куни Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Арис шаҳрида кучли портлаш юз берди. Чимкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар департаменти маълумотига кўра, портлаш “КазАрсенал” МЧЖ ҳудудида содир бўлган.
Портлаш соат 9:20 да ҳарбий аслаҳалар сақланувчи омборхонада юз берган. Воқеа жойига қутқарувчилар отряди ва махсус тиббий ходимлар гуруҳи етиб борган. Маҳаллий аҳоли кучли портлаш, олов ва тутунни кузатмоқда. Ҳатто портлаш кучидан атрофга учган бўлаклар “ҳуштак чалиб” учиб ўтиши ҳам эшитилмоқда.
Портлаш аҳоли турар жойларига яқин жойда содир бўлгани туфайли аҳоли тезкорлик билан ўз транспорт воситаларида Чимкент шаҳрига чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. Фожиада жабрланган ва ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Шунингдек, Туркистон вилояти ҳокимияти ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда. Хусусан хавфсиз жойларда 15 та эвакуация пунктлари очилган ва одамлар у ерларга эвакуация қилинмоқда. Эвакуацияда 40 та автобус иштирок этмоқда. Маълумот учун Арыси шаҳрида 43 минг киши яшайди.
Бевосита ёнғин содир бўлган жойда 75 нафар ўт ўчирувчилар ва 16 та ёнғин ўчириш техникаси ва кинологлар бригадаси ишламоқда.