Вазият таранг. Россия АҚШ ва Европа билан хавфсизлик масаласини келишиб олмоқчи

Олам

image

Москва ва Вашингтон 2022 йилнинг 10 январь куни қурол назорати ва Украинадаги вазият бўйича музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди. 

“АҚШ Россия билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқда”, дейди Америка Миллий хавфсизлик кенгаши вакили.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг 12 январь куни Россия-НАТО кенгаши йиғилиши, эртаси куни эса Россия ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Москва янги йил байрамидан сўнг хавфсизлик кафолатлари бўйича Вашингтон билан музокараларнинг асосий раундини режалаштирмоқда. Россия томонидан уларга вазирлик ва ҳарбийлар иштирокидаги идоралараро делегация бошчилик қилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, Россия АҚШга ҳеч қандай ультиматум қўймайди, бироқ “туганмас мунозара” ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Унинг айтишича, маълум бир муддат ичида Москва бу масала бўйича дипломатик саъй-ҳаракатлар натижасини кўриши муҳим.

Жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида Россия АҚШ ва НАТОга хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини топширди. Уларда НАТОни шарқ томон кенгайтирмаслик, собиқ СССР мамлакатларини иттифоққа қўшмаслик ва Украина ҳудудида ҳарбий фаолиятни тақиқлаш тўғрисидаги бандлар бор. Бундан ташқари, Москва Вашингтонга қуруқликдаги ўрта ва қисқа масофали ракеталарни ҳамда ядро қуролларини ўз ҳудудидан ташқарида жойлаштирмасликни таклиф қилган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псакининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Россиянинг айрим таклифларига рози бўлиши мумкин, аммо НАТО билан боғлиқларига эмас. АҚШ январь ойи бошидан “турли каналлар орқали” хавфсизлик кафолатларини дипломатик муҳокама қилишни бошлашга тайёрлигини маълум қилди. Давлат котиби Энтони Блинкен эса музокаралар 2022 йилда вақтидан “нисбатан эрта” ўтказилиши мумкинлиги маълум қилди.

Шу ўринда, сўнгги ойларда Россиянинг Украинага бостириб кириши ҳақида тахминлар тез-тез янграй бошлади. Европа оммавий ахборот воситалари ва АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, айни вақтда Россия ўзининг Ғарбий чегара ҳудудида 175 минг аскар тўпламоқда. Халқаро ҳамжамият эса буни Украинага таҳдид сифатида баҳоламоқда. Айни вақтда кун тартибида турган ушбу масала, 7 декабрь куни Путин ва Байден ўртасида кечган мулоқотда ҳам муҳокама қилинди.

Германиянинг “Bild” газетаси ҳатто Россия Украинага бостириб кириш учун иккита ҳужум режасини ишлаб чиққани ҳақида хабарлар тарқатди. Немис нашри ҳужум 2022 йил бошида амалга оширилишига ишонч билдирган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

183

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг