Вазирликлар ўртасидаги “копток ўйини”га чек қўйилади: Бизнесга оид қонунлар энди бошқача қабул қилинади
Business
−
09:39 1370 4 minutes
Энди тадбиркорликка оид қонун лойиҳаларининг барчасида бевосита бизнес эгаларининг ўзлари қатнашади, идоралар ўртасидаги ҳужжатбозлик сабабли вақт йўқотилмайди. Бу ҳақда 14 сентябрь куни бўлиб ўтган Президент ҳузуридаги тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида маълум қилинди.
Бизнес ва жамият учун ўта муҳим, шу билан бирга оғриқли бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинган йиғилиш Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов бошчилигида ўтказилди.
“Президент ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида кенгаш фаолиятини самарали ташкил этиш, унинг зиммасига юклатилган асосий вазифалар ҳамда тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишда тутган ўрни атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш кун тартибидаги марказий мавзулардан бири – Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган ПФ–175-сонли Президент Фармони бўлди. Мазкур фармонга мувофиқ, 61 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган”, дейди Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев.
Янги таркиб 40 нафар аъзодан иборат бўлиб, ундан турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари, иқтисодчилар, ҳуқуқшунослар ҳамда соҳавий экспертлар ўрин олган.
“Бизнесда вақт омили одатда бевосита молиявий манфаатлар билан белгиланади. Қабул қилинаётган ҳар бир енгиллик, имтиёз ёки енгиллаштирувчи тартиб қанчалик вақтлироқ кучга кирса, тадбиркор шунчалик эртароқ янги қулайликлардан фойдалана бошлайди ва ўзини ривожлантиришга қўшимча имконият олади. Янги тартибнинг 1 декабрдан ёки 1 ноябрдан кучга кириши ўртасидаги фарқ – бу бизнес учун муҳим вақт ва ютуқдир. Айнан шу боис, Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Президент фармони билан тасдиқланган 89 та банддан иборат дастур ижросини максимал даражада жадаллаштириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди”, дейди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.
Тадбирда фармонда кўрсатилган топшириқлар ижросига масъул бўлган 30 га яқин вазирлик ва идораларнинг вакиллари ҳам иштирок этди.
“Жамоатчилик кенгаши шунчаки навбатдаги маслаҳат органи эмас – бу, энг аввало, мамлакатимиздаги бир миллиондан ортиқ тадбиркорларнинг ягона ва таъсирчан овозидир. Кенгаш ортида юз минглаб ташаббускор бизнес вакиллари туради ва уларнинг манфаати ҳар бир қарор марказида бўлиши керак. Бугунги кунда тадбиркорлик соҳасига оид ҳар бир қонунчилик ташаббуси ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бевосита Жамоатчилик кенгашида атрофлича муҳокамадан ўтказилмоқда. Бунда асосий эътибор ҳужжатнинг тартибга солиш таъсирини олдиндан баҳолашга қаратилган. Яъни, ишлаб чиқилаётган лойиҳа амалиётда қандай ишлайди? Ундаги ҳар бир банд ва “вергул” бизнесни ривожлантиришга хизмат қиладими ёки аксинча, тўсиқ бўладими?”, дейди Бизнес-омбудсман.
Эндиликда ташаббус тўлиқ бизнес вакилларининг қўлига ўтмоқда. Тадбиркорлар ўзларини қийнаётган масалаларни ўртага қўйиб, Давлат раҳбари фармонида белгиланган вазифалар ижросини тезлаштиришга бевосита ҳисса қўшадилар.
Лойиҳаларни ойлаб турли вазирликлар ўртасида юбориш, қайтариш ва вақт йўқотиш, соддароқ айтганда идоралар ўртасида коптокларни бир-бирига узатишдек муаммони ечиш Жамоатчилик кенгашининг асосий мақсадидир.
“Амалдаги тартибга кўра, муайян ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга масъул бўлган вазирлик уни тайёрлаб, камида тўрт-бешта бошқа идора ва вазирликлар билан келишувдан ўтказади. Бу жараён ойлаб вақтни олади. Ҳужжат Адлия вазирлигига киритилишидан олдингина Жамоатчилик кенгашига хулоса учун тақдим этилади. Бироқ, агар Кенгаш лойиҳага эътироз билдирса ёки концептуал ўзгартиришлар таклиф этса, ортда қолган икки ойлик меҳнат ва вақт бесамар кетиб, жараён яна бошидан бошланишига тўғри келади. Мазкур бюрократик ғов ва вақт йўқотишларга чек қўйиш мақсадида Бизнес-омбудсман ва Савдо-саноат палатаси бошчилигида Жамоатчилик кенгаши фаолиятига тубдан янгича ёндашув жорий этилмоқда”, дейди Даврон Ваҳобов.
Кенгаш ортида 1 миллиондан ортиқ тадбиркорлар вакиллари туради. Бу институт тадбиркорлар овозини бевосита қарор қабул қилувчиларга етказади. Молиявий ва ижтимоий кўрсаткичларни шунчаки “қоғозда ёки қўлда санаб” сохталаштиришга чек қўйилиб, реал ва манзилли натижадорликка ўтилади. Қарорларнинг вақтида ва тўғри қабул қилиниши тадбиркорларга янги имкониятлар очиб беради.
Live
All“Boysun do'ppisi” patentlandi
16 September
Ronal'd Kumanning ayoli 65 yoshida vafot etdi
16 September