Вазирлик контракт миқдори 10 фоиз ошганига изоҳ берди
Жамият
−
10 Сентябрь 2021
11531Хабарингиз бор, куни кеча Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 6-сон баёни билан 2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдорлари тасдиқланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2021/2022 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларида бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича тўлов-контракт қиймати миқдорлари юзасидан баёнот берди.
“Маълумки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасаларида таълим йўналишлари бўйича битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори баробарида белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Ҳукумат қарорлари билан иш ҳақи миқдорлари оширилганда тўлов-контракт нархлари ҳам оширилиб борилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Идора 2020/2021 ўқув йили бошида коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, аҳолининг тўлов қобилияти пасайишини ҳисобга олиб, талабаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида базавий тўлов-контракт миқдорларига (яъни стипендиясиз суммага) 10 фоиз миқдорда чегирма қилинганини эслатган.
“2021 йил 1 февралдан иш ҳақи миқдорлари 10 фоизга оширилган бўлса-да, ўқув йили учун чегирма берилган базавий контракт миқдори сақлаб қолинди.
Мисол тариқасида оладиган бўлсак, педагогика, техника, гуманитар фанлар таълим йўналишлари бўйича кундузги шаклда тўлов-контракт миқдори чегирма ҳисобига 5 771 349 сўм этиб белгиланган эди. Aслида эса мазкур йўналишларда контракт миқдори 2020 йил 1 сентябрдан 6 412 610 сўм, 2021 йил 1 мартдан бошлаб эса ўқув йили учун белгиланган миқдорга нисбатан 16 фоиз юқори, яъни 6 733 555 сўм миқдорида бўлиши керак эди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, белгиланган тартибга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб 2021/2022 ўқув йили учун (стипендиясиз) базавий тўлов-контракт миқдорлари таълим йўналишларига қараб 7 759 440 сўмдан 11 869 440 сўмгача белгиланиб, 34,4 фоизга оширилиши лозим эди”, дейилади вазирлик шарҳида.
Шунга қарамасдан, Давлат комиссиясининг қабул қилган қарорига асосан бугунги кунда республикадаги пандемия шароитини инобатга олиб, базавий тўлов-контракт миқдорлари ҳақиқатда ўрнатилиши лозим бўлган миқдорларга нисбатан камайтирилган миқдорларда тасдиқланди, яъни 2021/2022-ўқув йилида тўлов-контракт миқдорлари 10 фоиз оширилмаган, балки ўрнатилиши лозим бўлган миқдорга нисбатан 21,1 фоизга кам этиб белгиланган.
Қайд этилишича, бунда коронавирусга қарши ихтиёрий равишда эмланган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун контракт миқдори ўзгаришсиз қолади.
Мисол учун, педагогика, техника, гуманитар йўналишларида ўқиётган талабалар стипендиясиз базавий тўлов-контракт суммаси 10 фоиз миқдорда чегирма бонуси берилгандан сўнг 5 771 349 сўмни ташкил этади.
“Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун белгиланган тўлов-контракт миқдорлари талабани ўқитиш харажатларининг ўртача 68,4 фоизини қоплайди, холос”, дея якунланади вазирлик баёноти.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь