Тошкент шаҳрида яна 8 нафар бемор коронавирусдан соғайди

Жамият

image

Тошкент шаҳрида 8 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 2 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасидан навбатдаги 8 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайиб, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди“, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, соғайганларнинг 5 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Фарғона вилоятидан ҳамда 1 нафари Тошкент вилоятидан. Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Бир нафари Туркиядан чартер рейслар орқали келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 34 ёш бўлса, энг ёши кичиги 3 ёшда.

Маълумот учун, Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 401 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 409 нафарга етди. Шундай қилиб, бугуннинг ўзида ҳозиргача 59 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1271 нафарни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда коронавирус юқтирганлар 2094 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 9 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг