Варданяннинг адвокатлари БМТга Озарбайжон устидан шикоят қилди
Олам
−
14 Июнь
2852Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси собиқ давлат вазири Рубен Варданяннинг халқаро адвокатлар гуруҳи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қийноқлар бўйича махсус маърузачисига унинг Озарбайжон қамоқхонасида сақланаётган шароитларни шафқатсиз деб қоралашни сўраб, мурожаат юборди. Бу ҳақда Варданян оиласининг Telegram-каналида тарқатилган баёнотда сўз борган.
Унда таъкидланганидек, собиқ давлат вазири жорий йилнинг апрель ойида очлик эълон қилган пайтда жазо камерасига ётқизилган, уйқу ва сувдан маҳрум қилинган, қариндошлари билан мулоқот қилиш тақиқланган.
Варданян 2023 йилнинг 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғдан Арманистоннинг Горис шаҳрига (Сюник вилояти) кетмоқчи бўлганида Озарбайжон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган. Тадбиркор "Тройка Диалог" компанияси асосчиси ва Сколково менежмент мактабининг биринчи президенти. 2022 йил сентябрида Варданян Россия фуқаролигидан воз кечиб, Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтиш ниятида эканлигини маълум қилган эди. Ўша йилнинг декабрь ойида унинг Россия фуқаролигидан чиқиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилди. 2022 йилнинг ноябрида у тан олинмаган Тоғли Қорабоғ давлат вазири этиб тайинланган, 2023 йил февралида эса лавозимидан четлаштирилган.
Варданянга терроризмни молиялаш, қонунда кўзда тутилмаган қуролли тузилмалар ёки гуруҳлар тузиш ва улар фаолиятида қатнашиш, Озарбайжон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўйилган.
LiveБарчаси