Вьетнамда 16 мингдан ортиқ уй сув остида қолди. Қурбонлар бор

Олам

image

Вьетнамнинг шимолий ва марказий ҳудудларида юз берган кучли ёмғир, сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида камида 4 киши ҳалок бўлди, 16 мингдан ортиқ уй сув остида қолди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Маълум қилинишича, минтақада жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан буён ёғаётган ёмғир кеча, 17 сентябрь куни тушдан кейин тўхтаган. Бироқ сув тошқинлари оқибатида автомобиль йўллари ва пасттекисликлар ҳамон сув остида қолмоқда. Бу транспорт ҳаракати ва аҳолининг кундалик ҳаётига салбий таъсир кўрсатган.

Бугун, 18 сентябрь куни Ханой шаҳрида 17 сентябрдан буён бедарак йўқолган университет талабасининг жасади топилган. Унинг жасади шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги дарёга олиб борувчи дренаж тизими кириш қисмидан аниқланган.

Қайд этилишича, маҳаллий аҳоли Ханой кончилик ва геология университетининг биринчи босқич талабаси бўлган йигитга тегишли кўк рангли мотоциклни канализация тизими яқинидан топган. Тахминларга кўра, у кучли ёмғир сабаб юзага келган сув тошқини вақтида канализация тизимига оқизиб кетилган.

Шунингдек, 17 сентябрь куни кечқурун Ханой шаҳрининг шимоли-ғарбида жойлашган Фу Тхо провинциясининг Да Бак туманида кўчки юз берган. Ҳодиса оқибатида яна 3 киши ҳалок бўлган.

Ханойнинг жануби-ғарбий қисмидаги қишлоқ ҳудудлардан оқиб ўтувчи Буи дарёсида сув сатҳи хавфли даражага кўтарилган. Ўнлаб хонадонлар ташқи дунёдан узилиб қолган. Расмийлар пасттекисликларда яшовчи 150 оилани, жами 500 дан ортиқ кишини эвакуация қилган.

Маҳаллий ҳокимиятлар табиий офатларга қарши курашиш ҳамда қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш режаларини ишга туширган. Сув тошқинлари 24 минг гектардан ортиқ гуруч, сабзавот ва бошқа экин майдонларини ҳам сув остида қолдирган.

Маълумот учун, Вьетнам дунёдаги иқлим ўзгаришларига энг заиф мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат тез-тез сув тошқинлари ва тайфунларга дуч келади. 2025 йилда ҳам Вьетнамда бир неча бор кучли сув тошқинлари кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Непал ва Хитой чегарасида жорий йилнинг 26 август куни юз берган кучли сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1 252 нафарга етган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг