Ўзсаноатқурилишбанк “Комплаенс назорати тизимини самарали жорий этган ташкилот” деб топилди
Бизнес
−
04 Ноябрь 2023
3083Пойтахтимизда III Тошкент Аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида Ўзсаноатқурилишбанк “Комплаенс назорати тизимини самарали жорий этган ташкилот” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.
Форум Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда “Тараққиёт дастури”, АҚШнинг Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти каби халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда ўндан зиёд давлатларнинг соҳага алоқадор вакиллари билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашилди, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг бу борадаги ислоҳотларига кўмаклашиш, шу билан бирга, халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишилди.
Форум доирасида коррупцияга қарши курашиш соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташкилот ва фаол шахслар 5 та номинацияда тақдирланди. Жумладан, тижорат банклари орасида фақатгина Ўзсаноатқурилишбанкнинг бу йўналишдаги ишлари юқори баҳоланиб, “Комплаенс назорати тизимини самарали жорий этган ташкилот” дея эътироф этилди.
– Сўнгги йилларда дунё ҳамжамияти диққати коррупция оқибатларига эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган, жумладан, мамлакатимизда ҳам бу борада катта куч сафарбар этилмоқда, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқарув раиси ўринбосари Шуҳрат Якубов. – Хусусан, банкимиз тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш бўйича сезиларли натижалар қўлга киритилди. 2022 йилда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг самарадорлиги бўйича тақдим этилган ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлик жорий йилда қайта тасдиқланди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларини бажариб, ушбу йўналишдаги фаолияти “яхши” дея баҳоланган ташкилотлар қаторидан ўрин олдик.
Банк Ахборот хизмати
LiveБарчаси