Узоқ умр кўришнинг янги сири аниқланди – тадқиқот
Бу қизиқ
−
19 Декабрь 6759 2 дақиқа
100 ёш ва ундан ортиқ умр кўриш фақат турмуш тарзи билангина эмас, балки қадимги аждодлардан мерос бўлиб қолган генетик омиллар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Италиялик узоқ умр кўрувчиларнинг геномларини ўрганган тадқиқотчилар шундай хулосага келди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “GeroScience” журналида эълон қилинди.
Олимлар 100 ёш ва ундан катта бўлган 333 нафар италияликнинг ДНКсини таҳлил қилиб, уларни ёши тахминан 50 атрофидаги 690 нафар соғлом катта ёшагиларнинг генетик маълумотлари билан солиштирган. Шундан сўнг бу маълумотлар Италиянинг замонавий генофондини шакллантирган тўртта асосий гуруҳни ифодаловчи 103 та қадимги геном билан таққосланган. Улар Ғарбий овчи-йиғувчилар, Анадолудан келган неолит даври деҳқонлари, бронза даври кўчманчилари ҳамда Эрон ва Кавказнинг қадимги аҳолиси бўлган.
Таҳлил натижаларига кўра, узоқ умр кўрувчиларда Ғарбий овчи-йиғувчиларга (Western Hunter-Gatherers, WHG) хос бўлган генетик мерос улуши сезиларли даражада юқори экани аниқланган. Бу гуруҳ сўнгги музлик давридан кейин Европада яшаган энг қадимги аҳоли ҳисобланади. Шу билан бирга, бошқа қадимги популяцияларнинг генетик ҳиссаси жуда узоқ умр кўриш эҳтимоли билан боғлиқ эмаслиги маълум бўлди.
Тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, овчи-йиғувчиларга хос ДНК улушининг ҳатто озгина ошиши ҳам 100 ёшга етиб бориш эҳтимолини тахминан 38 фоизга оширган. Бу таъсир айниқса аёлларда яққол намоён бўлган: бундай генетик компонент юқори бўлган аёлларда узоқ умр кўриш эҳтимоли икки баравардан кўпроққа ошган.
Муаллифлар узоқ умр кўриш генетика, атроф-муҳит ва турмуш тарзининг уйғунлашуви билан белгиланади, деб таъкидламоқда. Бироқ олинган маълумотлар қадимги эволюцион мероснинг инсон умрининг давомийлигига таъсири илгари ўйланганидан анча кучли бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик олимлар инсон умрини 150 йилгача узайтириши мумкин бўлган дори ишлаб чиққанини маълум қилганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь