“Ўзларингни билиб ўтиринглар”. Юлдуз Усмонова яна тармоқда кун тартибига чиқди (видео)
Маданият-санъат
−
14 Март 2022
159329Маълумки, 10 мартдан буён Тошкентдаги “Халқлар дўстлиги” саройида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг навбатдаги бир неча кунлик концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Айни вақтда хонанда яна ижтимоий тармоқда муҳокама майдонининг асосий объектига айланди. Бу ҳам бўлса унинг концертга ташриф буюрган томошабинларга нисбатан қилган муносабати сабаб.
Гап шундаки, техник носозлик сабаб “Халқлар дўстлиги” санъат саройи саҳнасининг пардаси охиригача очилмай қолган ва бу томошабинларга ноқулайлик туғдирган ва томошабинлар эътироз билдира бошлаган. Усмонова эса уларга қўпол муносабатда бўлгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқда тарқалган видеода хонанда томошабинларга қуйидаги гапларни айтиб, бақира кетган:
“Қилаётган [тўлаётган] пулингизга 10 бараварини оляпсиз. Аёллар илтимос қиламан, бунақа бўладиган бўлса, ҳозир мана шу ерда тўрттани айтиб, беркитаман, кетавераман. Ўзларингни билиб ўтиринглар, узоқ-яқиндан келганлар. Бошқа концертда қиласан унақа нарсаларингни. Жим ўтирамиз! Чироқни бер (техник ходимларга қараб – таҳр.) ҳамма бақираётганларнинг башарасини кўрай. Бер чироқни залга! Қани, зални ёқ! Ўзларингни билиб ўтиринглар. Бошқа жойда қиласизлар... Қани энди туриб гапиринг, ким эди бақираётган, чиқинг буёққа. Кўрсата оласизми юзингизни? Буёққа келинг сиз, бақираётган. Туриб келинг-чи буёққа. Нима деяпсиз?”, дейди Усмонова залда ўтирганлардан бирига.
У яна сўзида давом этиб, ижодий жамоаси, саҳна ортидаги масъулларда ўдағайлайди ва турмуш ўртоғи (Мансур Агалиев)нинг номини тилга олади.
“Парда бўлаётган бўлса, мана бу саройга қараётган Мансуржон бошчилигида... Жуда гумбура-қаср қилиб, кўтар пардангни. Нима қиласан ярмига осиб қўйиб? Парда бўлса менда эмас-ку айб. Ҳалақит қиляпсизлар концертни давом эттиришга. Ашула айтайми, залга бақирайми, гапирайми? Кунига иккитадан сеанс бўляпти. Концерт дединглар, қўшимча беряпмиз. Пол лантани ҳам мендан талаб қиласанми энди?”, дейди Юлдуз Усмонова.
У яна саҳна ортидагиларга мурожаат қилиб, техник ходимлардан пардани қайта тушириб кўтаришларини сўрайди.
“Халқлар дўстлиги” саройи Ўзбекистондаги энг йирик концерт зали ҳисобланади. Бироқ томошабинлар ҳам, хонандалар ҳам доимий равишда саройдаги шароитдан норози бўлиб келишига қарамасдан, саройда катта ўзгаришлар қилинмаган.
LiveБарчаси