Ўзгидромет жорий ҳафтада қандай об-ҳаво кутилаётганини эълон қилди
Бу қизиқ
−
31 Октябрь 2022
63488Бугун, 31 октябрь куни республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кундузи 13-18° ни ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларда 19-21° гача бўлади. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.
Эртага, 1 ноябрь куни республика шимолига нам булутли массивлар кириб келиши бошланади, бунинг ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва кечга томон Хоразм вилояти бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади.
Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 2-7° илиқни, кундуз куни 16-21° ни ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларида 23-25° гача бўлади.
2 ноябрь куни мамлакатнинг барча ҳудудлари нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади. Республика бўйича ёмғир ёғади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади. Шимоли-ғарбий ҳудудларда бироз ёмғир ёғади. Кундузги ҳарорат 12-17° гача пасайиши кутилмоқда.
3-4 ноябрь кунлари республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғади. Ушбу кунларда ҳарорат кечалари 5-10° ни, кундуз кунлари 12-17° ни ташкил этади.
31 октябрь 2 ноябрь кунлари баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
LiveБарчаси