“Ўзга сайёралик”ни кўриш учун келган юлдузлар ёхуд Мессининг дебюти қандай ўтди? (фоторепортаж)
Спорт
−
22 Июль 2023
10067Аргентиналик футболчи Лионель Месси “Интер Майами” сафида ажойиб дебют қилди. Мексиканинг “Крус Асуль” клубига қарши ўйин дуранг натижа билан якунланаётганди, бироқ қўшиб берилган вақтда Лео жарима зарбасини қойилмақом қилиб амалга оширди.
“Интер Майами” эгаси Девид Бекхэм, баскетбол афсонаси Леброн Жеймс, машҳур теннисчи Серена Уильямс ва таниқли актриса Ким Кардашиан каби юлдузлар Мессининг дебютини кўриш учун стадионга келди.
Леонинг Майамидаги илк ўйини кўпчиликнинг эътиборини тортди. Майами клубининг 21 минг нафар томошабинга мўлжалланган аренаси мухлислар билан тўлиб-тошди. Маълумотларга кўра, Леонинг дебюти учун энг арзон чипта 314 долларни ташкил қилган. Энг яхши жойларга чипта ақл бовар қилмайдиган сумма – 23 минг доллардан сотилган.
Ўйиндан олдин “Интер”га янги келган Лионель Месси баскетболчи Леброн Жеймс билан жуда илиқ кўришди.
Аргентиналик футболчи ўйинни кутилганидек захира ўриндиғида бошлади.
Биринчи бўлим охирида “Интер” ҳисобни очди: камералар объективи дарҳол голдан хурсанд бўлган Мессига қаратилди.
Лео ва клубнинг яна бир юлдузи Серхио Бускетс қўлларини тепага кўтариб, голни нишонлади.
54-дақиқада ҳамма кутган воқеа юз берди, яъни Месси майдонга туширилди.
Стадиондаги минглаб мухлисларнинг шовқини остида Месси шеригидан дарҳол сардорлик боғичини олди.
Месси майдонга тушганидан 10 дақиқа ўтиб, Мексика клуби ҳисобни тенглаштирди, аммо Месси америкаликларнинг байрамини бузилишига йўл қўймади – у қўшиб берилган дақиқада гол уриб, ғалабани таъминлади.
Бахтли Лео голдан сўнг дарҳол оиласини қучоқлади.
Клуб президенти Бекхэм эса ўйиндан кейин ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан шундай деди:
“Бу мамлакат, лига учун жуда муҳим дақиқалар ҳисобланади. Бу биз учун фахр”.
“Интер” ҳозирда МЛСда охирги ўринда бормоқда. Месси эса бошқа турнирда дебют қилди. Майами клуби иштирок этаётган ҳозирги турнир орқали жамоа Чемпионлар лигасига йўл олиши мумкин.
“Биз учун жуда яхши ўйин. Мухлисларимиз учун ғалаба билан бошламоқчи эдик. Мен келганларнинг барчасига раҳмат айтмоқчиман. Бу жарима зарбаси охирги имконият эканини билардим. Яхшиямки, дарвозабон тўпни қайтаролмади. Жамоа учун ғалаба қозониш муҳим, чунки биз лигада яхши ҳолатда эмасмиз. Ҳа, бу бошқа турнир, аммо ғалаба бизнинг руҳий ҳолатимизга ёрдам беради”, дейди Месси ўйиндан сўнг.
Маълумот учун, Лига кубоги – бу АҚШ ва Мексика клублари иштирок этадиган мусобақа. Жорий йилдан буён турнир КОНКАКАФ ҳомийлигида расмий мақом олди. Шунинг учун биринчи марта унда МЛС ва Мексика лигасининг барча 47 жамоаси иштирок этмоқда.
Иштирокчиларда яхши мотивация бор: финалчилар ва учинчи ўринни эгаллаган жамоа автоматик тарзда Чемпионлар лигасига йўлланма олади (ғолиб эса дарҳол плей-офф босқичига йўл олади). “Интер” гуруҳида “Крус Асуль”дан ташқари “Атланта Юнайтед” ҳам бор. Жамоалар 26 июль куни ўзаро тўқнаш келади, шундан сўнг дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоа плей-офф босқичига йўл олади.
МЛСда ҳозирча “Интер” учун ишлар унчалик яхши эмас. У 22 учрашувдан кейин 18 очко билан охирги ўринда турибди.
LiveБарчаси