Ўзбекона давра. Кореядаги мигрантлар ҳам унутилмади

Жамият

Ўзбекистон мустақиллигига яқинда 34 йил тўлди. Байрам санаси ўтган бўлса-да, унинг шукуҳи, байромона кайфият кўпчиликни ҳалигача тарк этгани йўқ. Миграция агентлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси бунга катта ҳисса қўшмоқда. Мамлакатнинг ушбу икки ваколатли идораси ташаббуси билан хорижда ишлаётган мигрантлар учун навбатдаги маданий ва спорт тадбирлари жорий йилнинг 7 сентябрь куни Кореянинг Улсан шаҳрида ташкил қилинди.

Тадбир Ўзбекистон мадҳияси билан бошланди. Шундан сўнг Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев йиғилганларга байрам табригини йўллади. Бундан ташқари, Сеулдаги элчихона ҳамда Улсан шаҳар расмийлари ҳам ўзбекистонликларни Мустақилликнинг 34 йиллиги билан қутлади.

Хорижда меҳнат қилиш билан бир қаторда спортни ҳам унутиб қўймаган ўзбекистонликлар беллашувларни даставвал армрестлинг билан бошлади. Бу – меҳнат билан чиниққан қўлларнинг, ҳар кун тер тўккан одамларнинг кураши бўлди. Ўзаро баҳсли ўтган жараёнда ҳамма ғолиблик учун бор кучи билан ҳаракат қилди. Ниҳоят ғолиб аниқлангач, арқон тортишга старт берилди. Унда ўзбекистонликлар 4 та жамоага бўлиниб, мусобақада нафақат кучини, балки бирлигини ҳам кўрсатди.

Югуриш эстафетаси ҳам анча қизғин кечди. Иштирокчилар жамоаларга бўлиниб, эстафета таёқчасини олиб югурганча уни жамоадошига етказиб берди. Ниҳоят тезлиги анча юқори бўлган гуруҳ ҳам аниқланди.

Спорт тадбирларининг энг сўнггиси эса миллионлар ўйини – футбол бўлди. Унда ўзбекистонликлар Кореяда яшаб, ишлаётган бўлса-да, улар тадбир орқали ҳар доим бир жамоа эканини ҳис қилишга ҳаракат қилди.

Спорт мусобақалари якунлангач, ғолиблар Миграция агентлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар, шунингдек, олтин, кумуш ва бронза медаллари ҳамда махсус тайёрланган “Мустақилликнинг 34 йиллиги” кубоги билан тақдирланди.

Шундан сўнг “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остидаги тадбирнинг маданий дастури ҳам бошланди. Меҳмонлар таниқли санъаткорларнинг чиқишларидан баҳраманд бўлди. Ўзбекча қўшиқ ҳамда ўзбекона ҳазиллар йиғилганларга хуш кайфият бағишлади. Оиласи, яқинлари, ишдаги дўстлари билан байрамга келганлар Миграция агентлиги ҳамда элчихона томонидан уюштирилган ушбу тадбир орқали қисман бўлса-да худди Ўзбекистонда, оиласи билан байрамни нишонлашдек бахтни ҳис қилди. Тадбирдан тайёрланган видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Миграция агентлиги Улсан шаҳри мустақиллик байрами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг