Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 75 миллиард доллардан ошди

Жамият

image

2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 75,4 млрд долларга етди. Бу ҳақда Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи” шарҳида келтирилган.

Унга кўра, 2025 йилнинг III чорагида Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарз ҳажми 82,4 млрд долларга чиққан. Қайд этилишича, ялпи ташқи қарзнинг 37,4 млрд доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Қолган 38 миллиард долларлик маблағлар хусусий ва давлат корхоналари (корпоратив) томонидан олинган. 2025 йилнинг 9 ойи давомида давлат қарзи 10 фоиздан кўпроқ, корпоратив қарз 27 фоизга яқин ошган.

Шарҳда келтирилишича, хориждан жалб қилинган давлат қарзи қолдиғининг чораклик ўсиш суръатларида сезиларли пасайиш кузатилган. Жумладан, 1 чоракда кўрсаткич 5,7 фоизга, ІІ чоракда 3 фоизга ўсган бўлса, III чоракда ўсиш 1,2 фоизни ташкил этган.

“2025 йил 1 октябрь ҳолатига ушбу маблағлар қолдиғи 37,4 млрд долларни ташкил қилган. Хўжалик субъектлари ва банклар томонидан норезидентлардан жалб қилинган корпоратив кредит ва қарзлар қолдиғи 38 млрд долларга тенг бўлди”, дейилади шарҳда.

Қайд этилишича, норезидентлардан жалб қилинган корпоратив қарз маблағлари таркибида хусусий сектор, жумладан тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш, бизнес фаолиятини кенгайтириш ва бошқа мақсадларда давлат кафолатисиз жалб этилган кредит ва қарзлар акс эттирилади.

“Шу ўринда, ХВЖ ҳамда халқаро рейтинг агентликлари баёнотларида Ўзбекистоннинг ташқи қарз юки ўртача даражада эканлиги (асосан имтиёзли шартларда олинган) эътироф этилган”, дейилади шарҳда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 6 ойи якунида Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарз ҳажми 72,2 млрд долларни ташкил қилиб, шундан давлат ташқи қарзи ҳажми 36,8 млрд доллар ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми 35,4 млрд долларга тенг бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат қарзи ташқи қарз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг