Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги илк элчиси тайинланди
Жамият
−
24 Июль 2457 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Шри-Ланкага янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев (қароргоҳи Исломободда) ушбу мамлакат Давлат протоколи раҳбари Роҳана Амбаголлага ишонч ёрлиғи нусхаларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Учрашув аввалида Роҳана Амбаголла Ўзбекистон раҳбариятига Шри-Ланкада илк элчисини тайинлагани учун самимий миннатдорлик билдирган. Унинг таъкидлашича, мазкур қадам икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим сиёсий қарор бўлиб, ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлайди.
Қолаверса, Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан янги форматдаги ҳамкорликка очиқлиги тасдиқланган ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Глобал Жануб билан яқинлашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланган.
Шри-Ланка расмийси Алишер Тўхтаевнинг Коломбо шаҳридаги фаолияти барча йўналишларда тизимли ва самарали ишлаш учун мустаҳкам асос яратишига ишонч билдирган.
Икки мамлакат ўртасида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалалари, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилган. Икки томонлама савдо айланмасининг ҳозирги ҳажми қониқарсиз экани қайд этилиб, ушбу кўрсаткични яқин истиқболда 50 миллион долларга етказиш учун аниқ чораларни кўришга келишиб олинган.
Экспорт ва импорт суратларини ошириш учун транспорт ва логистика ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш, ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн платформа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилган.
Маълумот учун, Алишер Тўхтаев Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги Тошкент давлат юридик университети) тугатгач, Ташқи ишлар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Президент администрациясида масъулиятли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида ҳам аввал маслаҳатчи, сўнгра раис ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Элчиликка тайинланишидан олдин у Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган
Эслатиб ўтамиз, Алишер Тўхтаев Ўзбекистоннинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳам хисобланади. У 2024 йилнинг 28 октябрь куни Исломобод шаҳридаги “Айван-е-Садр” саройида Президент Асиф Али Зардорийга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь