Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонасига раҳбар тайинланди
Жамият
−
07 Декабрь 2023
4747Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг Испаниядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланди. У бугун, 7 декабрь куни Мадридга етиб борди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Фаррух Турсунов Мадриддаги дипломатик миссияга 2017 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Жаҳонгир Ғаниевнинг ўрнини эгаллаган.
50 ёшдаги дипломат Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашида ишлаган.
Турсунов 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. У марказий аппаратда турли лавозимларда ишлаган, жумладан атташедан тортиб то департамент директори лавозимида фаолият олиб борган. Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги (2008-2012 йиллар) ва Япониядаги (2012-2017 йиллар) элчихоналарига раҳбарлик қилган. 2018 йилдан буён у ТИВнинг Стратегик таҳлил ва прогнозлаш бош бошқармаси, шунингдек, Йиғма ахборот-таҳлил департаментини бошқариб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистоннинг Испаниядаги аввалги элчиси Жаҳонгир Ғаниев ушбу мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаганди. Вазифасини тугатиши олдидан 19 ноябрь куни у Испания Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи ва глобал ишлар бўйича давлат котиби Анхелес Морена Бау билан учрашганди.
LiveБарчаси