Ўзбекистоннинг 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди
Жамият
−
15 Ноябрь 2021
13732Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил учун Давлат бюджети даромадлари 200,0 трлн. сўм, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 215,4 трлн. сўм миқдорида режаланган. Бу ҳақда Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022 йил учун давлат бюджети лойиҳасида белгиланган.
Қайд этилишича, давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн.сўм миқдорида, харажатлари эса 58,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 26,5 трлн. сўм трансфертлар ажратиш белгиланган.
Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 83-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унда:
• 2022 йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози;
• 2022 йил учун консолидациялашган Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари прогнози ҳамда 2023 – 2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари;
• биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2022 йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари;
• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари;
• Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар;
• давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 2022 йилги тушумлари ва харажатлари прогнозлари ҳамда 2023 – 2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари;
• Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси 17 та модда ва 10 та иловадан иборат.
2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва 2023-2024 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози асосида ишлаб чиқилган.
Хусусан, 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6,0 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 7,0 фоизга, хизматлар соҳасида 6,5 фоизга, қишлоқ хўжалигида 3,3 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда.
Инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиб, 2022 йилда инфляция даражаси 9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатга мўлжалланган бюджет сиёсати мамлакатни ижтимоий-иктисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ равишда амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, устувор йўналишлари сифатида қуйидагиларни белгилаш мумкин:
1) Бюджет сиёсатинининг ижтимоий йўналтирилганлигини, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимояни ривожлантиришни таъминлаш;
2) Камбағалликни қисқартириш, маҳаллабай ишлаш тизимини ривожлантириш, иш ўринларини яратиш;
3) Бюджетни шакллантиришда “натижага йўналтирилган бюджет” тизимини босқичма-босқич тўлақонли жорий этиш;
4) Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш мақсадида, илғор хорижий тажрибадан ҳамда халқаро молия институтлари экспертларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда солиқ-бюджет сиёсатининг узоқ муддатли чекловлари – “Фискал қоидалар”ни ишлаб чиқиб, бюджет қонунчилигига киритиш;
5) Бюджет очиқлигини янада ошириш, бюджет маблағлари сарфланишида жамоатчилик назоратини кучайтиришни таъминлаш мақсадида аҳолининг бюджет маблағларини тақсимлаш жараёнидаги фаол иштирокини янада кенгайтириш;
6) Бюджет харажатларини барқарор ривожлантириш мақсадларига боғлаш ва шу орқали барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларга эришишни жадаллаштириш.
Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, 2022 йил учун Давлат бюджети даромадлари 200,0 трлн. сўм, харажатлари эса Давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 215,4 трлн. сўм миқдорида;
Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 31,9 трлн.сўм миқдорида, харажатлари эса 58,7 трлн. сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 26,5 трлн. сўм трансфертлар ажратиш белгиланган.
Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 29,1 трлн сўм, харажатлари 43,9 трлн. сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 14,0 трлн. сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда.
Давлат молиясини бошқаришнинг ҳалқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида, 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига режалаштирилаётган харажатлар консолидациялашган бюджет таркибига киритилди. 2022 йилда ушбу харажатлар 10,7 трлн.сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг (Давлат бюджети, Давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар билан бирга) юқори чегараси 25,5 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,0 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Бунда Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари 16,2 трлн. сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,9 фоиз миқдорида тақчиллик билан режалаштирилган (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси). Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармаларининг тақчиллиги Давлат ички ва ташқи қарзларини жалб қилиш ҳамда бюджетларнинг йил бошига қолдиқ маблағлари ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг тақчиллиги жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шу билан бирга Қонун лойиҳасининг 11-моддасига мувофиқ келгуси йилларда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳуслотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик бўйича бюджет қоидаси киритилмоқда.
3. Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 58 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.
Бунда Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларни ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилмоқда.
Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жории харажатлари қаторида маблағлар алоҳида ку рсатилган. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари Қонун лойиҳасининг 6-иловасига мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари худудий бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда шакллантирилади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.
4. Молия йили якуний санаси ҳолатига Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида жалб қилинган давлатқарзиқолдиғининг миқдори жорий йил ялпи ички маҳсулотига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги белгилаб қўйилмоқда (Қонун лойиҳасининг 10-моддаси).
Бунда, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд. АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб қувватлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган чора-тадбирларни молиялаштириш учун – 2,5 млрд. АҚШ доллари, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини – 6 трлн. сўм миқдорида белгилаш, бунда, молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда сўндириладиган Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозларини чекланган соф ҳажмга киритмаслик таклиф этилмоқда.
5. Қонуннинг 12-моддасида солиқлар ва солиқсиз тушумларнинг бюджет бўғинлари ўртасида тақсимланиш қоидалари кўрсатиб ўтилган ва жорий йилдаги тартибга қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол- мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш мақсадида мобил алоқа хизматлари ҳамда алкоголь маҳсулотлари (шу жумладан пиво) учун акциз солиғи бўйича тушумларга қўшимча тарзда тамаки маҳсулоти учун акциз солиғи бўйича тушумлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг республика аҳолиси сонидаги улушига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказиш таклиф этилмоқда.
6. 2022 йилда қуйидаги бюджет харажатлари маҳаллий бюджетлардан молиялаштиришга ўтказиш таклиф этилмоқда:
• умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга оид тадбирлар доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларига доир харажатларни;
• кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатларини;
• аҳолининг кам таъминланган ва муҳтож қатламларига кўрсатиладиган бепул адвокатлик хизматлари харажатлари.
Шунингдек, Қонун лойиҳасида барча туман (шаҳар)ларда тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш белгиланган.
LiveБарчаси