Ўзбекистонликларга иш ташлаш ҳуқуқи берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда илк бор фуқароларнинг иш ташлаш ҳуқуқи кафолатланмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан муҳокама қилинган, Сенатнинг “Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунчилик таклифида сўз боради.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг мақсади – миллий қонунчиликни Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Бирлашмалар эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-сонли ва “Жамоа музокараларини олиб бориш ва бирлашиш ҳуқуқи тўғрисида”ги 98-сонли конвенциялари талабларига мувофиқлаштиришдан иборат. Бу, ўз навбатида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда белгиланган меъёрларни амалда қўллашга хизмат қилади.

Ушбу лойиҳа иш ташлаш ҳуқуқини қонуний тартибга солишни назарда тутади. Миллий қонунчиликдаги бўшлиқни тўлдириш орқали фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши кутилмоқда.

Қонун лойиҳаси 9 та моддадан иборат бўлиб, у билан 2 та қонун, 4 та кодексга қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Меҳнат кодексига иш ташлашнинг аниқ таърифи ва тушунчалари, уни ўтказиш тартиб-таомиллари, ходимларга иш ташлаш жараёнида бериладиган кафолатлар белгиланмоқда.

Шунингдек, иш ташлашнинг бошланишини кечиктириш, тўхтатиб туриш, тиклаш ва тугатиш тартиблари ҳамда иш ташлашга оид чекловлар аниқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига тўлиқ мослаштириш, ижтимоий адолат, тенглик ва демократик бошқарув принципларини амалда мустаҳкамлашни назарда тутади.

Мажлисда қонунчилик таклифи бўйича қарор лойиҳаси қабул қилинган.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 98-моддасида Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишга ҳақлилиги белгиланган.

2024 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) томонидан янги таҳрирдаги Конституция нормалари асосида илк бор қонунчиликка таклиф киритиш институтидан фойдаланилди. Асосий қонундаги ушбу нормалар асосида иккинчи маротаба Олий Мажлис Сенати томонидан қонунчилик таклифи ишлаб чиқилиб Қонунчилик палатасига киритилди.

Маълумот учун, иш ташлаш ҳуқуқи бу – индивидуал ҳуқуқ эмас, балки жамоага доир ҳуқуқ ҳисобланади. Иш ташлаш – меҳнат низоларини ҳал қилиш усулларидан бири бўлиб, бирор ташкилот ёки корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасида жамоавий меҳнат низоси вужудга келганда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва касбий талабларининг корхона ёки ҳукумат даражасида қондирилишига эришиш мақсадида жамоавий тарзда ишларни тўлиқ ёки қисман тўхтатишни ўзида ифодалайди. Ўзбекистоннинг амалдаги Меҳнат кодексига кўра ходимлар иш ташлаш ҳуқуқига эга эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

иш ташлаш Меҳнат кодекси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг