Ўзбекистонликлар учун АҚШ визасини олиш осонлашадими?
Жамият
−
15 Апрель 2023
16156Америка Қўшма Штатлари ўзбекистонликлар учун виза олиш шартларини осонлаштирадими? Бу барчани қизиқтираётган саволлардан бири. Биз айнан шу савол билан жорий йилнинг 6 апрель куни QALAMPIR.UZ таҳририятига ташриф буюрган АҚШнинг Ўзбекистонга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеникка юзландик.
Суҳбат давомида элчи Қўшма Штатлар ўзбек меҳнат муҳожирлари сонини Green Card тизими ёки ишчи визалари билан кўпайтириш нияти бор ёки йўқлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Жонатан Ҳеникнинг фикрларига кўра, АҚШ ҳукумати имкон қадар кўпроқ ўзбекистонликларнинг мамлакатга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлишини истайди.
“Green Card’га келсак, Америка Қўшма Штатларида ҳам этник ўзбек бўлган америкаликларнинг салмоқли ва ўсиб бораётган гуруҳи бор. Шу сабаб, икки ўртада тобора кўп сайёҳлар алмашинувини кўришни хоҳлаймиз, тобора кўпроқ ишбилармонларнинг борди-келди қилишларини истаймиз. Бундай алмашинув – икки миллат ўртасидаги алмашинув – икки томонлама соғлом муносабатлар учун жуда муҳимдир”, дейди элчи.
Шунингдек, элчи жаноблари мамлакатда ишлаш масаласига тўхталиб, Қўшма Штатлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракати билан Ўзбекистонда иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш, ўзбеклар Ўзбекистонда қолиши учун қўшимча иш ўринлари яратиш борасида режаларни илгари сураётганини таъкидлаган.
“Бизда меҳнат кўникмаларини ўргатиш, тадбиркорликни рағбатлантириш, бизнесни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг хорижга маҳсулот ва хизматлар экспорт қилиш қобилиятини оширишга қаратилган дастурлар бор. Шундай экан, фикримизча, ўзбекистонликлар Ўзбекистонда яхши, юқори маошли иш топишлари реалликка айланаётган бир пайтда уммон ортига иш излаб боришларига унчалик ҳам ҳожат йўқ”, дейди Ҳеник.
Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистонга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь