Ўзбекистонликлар Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритишни сўраяпти?
Жамият
−
28 Май 2022
8127Бугунгача Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 967 та таклиф келиб тушди. Уларнинг 641 таси эркаклар ва 263 таси аёллар томонидан билдирилган. Бу ҳақда Конституцияга ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия Матбуот котиби Одилжон Тожиев маълум қилди.
Таклифларда асосан қуйидаги соҳалар бўйича конституциявий кафолатларни кучайтириш сўралган:
• сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш;
• таълимни ривожлантириш;
• ижтимоий ҳимояни кучайтириш;
• экологияга устувор аҳамият қаратиш;
• хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш;
• коррупцияга қарши курашиш.
“Бу таклифларнинг аксарияти 26 май куни бўлиб ўтган Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилишида маълум қилинган дастлабки таклифлар билан уйғун жиҳатлари борлигини кўришимиз мумкин.
Халқимиз, кенг жамоатчилик амалдаги Конституциянинг барча, 6 та бўлимига ўзгартириш ва қўшимча киритиш билан боғлиқ таклифларни берган бўлиб, уларнинг аксарияти Бош қомусимизнинг иккинчи, учинчи ва бешинчи бўлимларига тегишли бўлди”, дейди Одилжон Тожиев.
Келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили ҳозирга қадар Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Самарқанд ва Хоразм вилоятларидаги фуқаролар Конституциявий комиссияга кўпроқ таклиф йўллаганини кўрсатган.
LiveБарчаси