Ўзбекистонликлар қанча олтин қуймалари ва тангалар сотиб олгани очиқланди

Жамият

image

2020 йилдан бери ўзбекистонликлар 255 кг оғирликдаги 13 130 та олтин қуймаларини сотиб олган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўз ҳисоботини эълон қилди.

Унга кўра, 2021–2023 йилларда Марказий банк томонидан 5 хил мавзуга бағишланган ҳар бири 15, 20, 31,1 граммдан умумий вазни – 72кг бўлган жами 3550 та олтин тангаларини сотилган.
Шунингдек, ҳар бири 31,1 грамдан умумий вазни – 121 кг. бўлган 3900 та кумушдан  тайёрланган эсдалик тангалари ҳам сотувга чиқарилган.

“Сотув тижорат банкларининг вилоятлар ва шаҳарлардаги 38 та филиаллари (сотув шохобчалари) орқали ташкил қилинган. Мазкур эсдалик тангаларининг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификатлари мавжуд бўлиб, тангаларни сотув шохобчалари орқали нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар асосида ҳарид қилиш мумкин. Шунингдек, тангалар сотуви йўлга қўйилган шохобчаларда ўрнатилган тартибда тангаларни қайтариб сотиб олиш хизматлари мавжуд.

Бугунги кунга келиб, аҳоли томонидан нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ҳамда жамғариш мақсадида сотув шохобчалари орқали 2951 дона (83 фоиз) олтин ва 3864 дона (99 фоиз) кумушдан тайёрланган эсдалик тангалари сотиб олинди”, дейилади Марказий банк ҳисоботида.

Марказий банк таҳлилларига кўра, аҳоли томонидан кичик ўлчамдаги эсдалик тангаларга талаб юқорироқ бўлиб, нисбатан кўпроқ ҳажмда сотиб олинган.

2023 йилнинг 1 сентабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2021-2023 йилларда сотувга чиқарилган эсдалик тангаларининг орасида “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” эсдалик тангаси етакчилик қилиб, 2,5 йил ичида мазкур турдаги танганинг 381 та олтин, 1992 та кумуш варианти сотилган.

Шунингдек, Марказий банк томонидан жорий йил август ойида “Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 825 йиллиги” мавзусига бағишланган янги эсдалик тангалари муомалага чиқарилиб, олтиндан тайёрланган 15 ва 20 грамм оғирликдаги (ҳар бири 100 донадан) ҳамда кумушдан тайёрланган 31,1 грамм оғирликдаги (400 дона) эсдалик тангалари сотувга чиқарилган.

 
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ПҚ-3778-сонли қарорига асосан 2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, Марказий банк томонидан 5, 10, 20 ва 50 грамм оғирликдаги ўлчовли олтин қуймаларнинг сотуви (асиллик даражаси – 999,9) чекланмаган миқдорда йўлга қўйилган.
Ҳозирда ўлчовли қуймаларни 151 та сотув шохобчаси орқали сотиб олиш ва қайтариб сотиш имконияти мавжуд.

Шундай қилиб, ўтган давр мобайнида аҳолига инвестиция ва жамғариш мақсадларида сотув шохобчалари орқали 13130 дона (умумий вазни – 255 кг.) ўлчовли олтин қуймалари сотилган.
Худудлар кесимида ўлчовли олтин қуймаларни сотиш бўйича Тошкент шаҳрида ташкил этилган сотув шохобчалари етакчилик қилиб, пойтахтда сотилган қуймалар сони 9894 донани, яъни жами муомалага чиқарилган қуймаларнинг 75 фоизини ташкил этмоқда.
 

“Марказий банк бундан буён ҳам аҳолининг инвестицион талабларини қондириш мақсадида қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангалари ҳамда ўлчовли олтин қуймалари сотуви бўйича ишларни давом эттиради”, дейилган ҳисобот сўнггида.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2018 йилдан бошлаб аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатда қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини ривожлантириш мақсадида олтин ва кумушдан тайёрланган эсдалик тангаларининг сотувини йўлга қўйилган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олтин қазиб олиш бўйича дунё етакчиларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг захиралари кетма-кет бешинчи ой ҳам камайганини хабар қилган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

олтин танга Марказий банки қуйма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг