Ўзбекистонлик зиёратчилар ўтирган автобус Маккага кетаётиб, ЙТҲга учради
3-саҳифа
−
27 Декабрь 2022
37693Хусусий тур фирмалардан бири томонидан Умра сафарига жўнатилган ўзбекистонликлар ўтирган автобус Саудия Арабистонида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда ҳалокатга учраган йўловчилардан бирининг оила аъзолари QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Мадина шаҳридан Маккага йўл олган автобус аварияга учраган. Автобус ичида 50 нафар йўловчи бўлган, уларнинг ҳаммаси ўзбекистонлик.
Шунингдек, тур компания ушбу маълумотни таҳририятимизга тасдиқлади.
Маълум бўлишича, 17 нафар йўловчи енгил, 3 нафари оғир жароҳат олган, ҳалок бўлганлар эса йўқ.
“Ҳақиқатан ҳам ҳозиргина автобусимиз аварияга учради. 50 нафар йўловчиларимизнинг барчасига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонага ётқизилди. Лекин бунча йўловчининг ҳаммасини битта шифохонага ётқизишнинг имкони бўлмагани учун жами 7 та шифохонага жўнатилган”, дейди QALAMPIR.UZ билан суҳбатда сайёҳлик компанияси таъсисчиси Шоҳрух Муҳиддинов.
Шунингдек, у ЙТҲ сабабини автобуснинг йўл четига чиқиб кетгани билан изоҳлади.
“Ҳозирги вақтда йўловчиларнинг барча яқинлари ёнимизда (Тошкентдаги офисда – таҳр.) турибди. Ходимларимиз эса Саудия Арабистонида, улар йўловчиларимизнинг аҳволидан хабардор бўлиб туришибди”, дейди Муҳиддинов.
LiveБарчаси