Ўзбекистонлик теннисчилар Уимблдондаги иштирокини бошлади

Спорт

image

Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчилар “Катта дубулға” туркумига кирувчи Уимблдон турнирининг биринчи босқичида иштирок этишди. Кун якунида  икки ғалаба ва бир мағлубият қайд этилди.

Мамлакатнинг биринчи ракеткаси Камилла Раҳимова дунёнинг 66-рақамли теннисчиси, украйналик Анна Калининани иродали тарзда мағлуб этди. Раҳимова биринчи сетда 4:6 ҳисобида имкониятни бой берганига қарамай, кейинги икки сетда юқори савиядаги ўйин намойиш этиб, 6:4 ва 7:5 ҳисобларида ғалаба қозонди.

Яна бир ўзбекистонлик теннисчи Мария Тимофеева ҳам муваффақиятли старт олди. У Бразилиянинг тажрибали теннисчиси Беатрис Ҳаддад Майяни 6:3, 6:2 ҳисобида мағлуб этиб, иккинчи босқич йўлланмасини қўлга киритди.

Бу ғалаба Мария учун фаолиятидаги энг муҳим ютуқлардан бири бўлди. Унинг рақибаси Беатрис Ҳаддад Майя собиқ дунёнинг 10-рақамли теннисчиси бўлиб, Бразилия тарихида WTA рейтингининг топ-10 талигига кирган илк аёл теннисчи ҳисобланади. Шунингдек, у фаолияти давомида яккалик баҳсларида тўрт, жуфтлик баҳсларида эса саккизта WTA чемпионлигини қўлга киритган. 

Раҳимова ва Тимофеева мазкур ғалабалари орқали иккинчи босқичга чиқиш билан бирга 70 WTA рейтинг очкоси ҳамда 126 минг фунт стерлинг (тахминан 166 минг АҚШ доллари) миқдоридаги мукофот пулини ҳам кафолатлади.

Полина Кудерметова эса биринчи босқичда дунёнинг кучли теннисчиларидан бири, россиялик Людмила Самсоновага қарши баҳс олиб борди. Учрашувда Самсонова 6:3, 6:3 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди. Шу тариқа, Полина Кудерметова учун мавсумдаги учинчи “Катта дубулға” турнири ҳам ўз ниҳоясига етди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг