Ўзбекистонлик талаба бир неча миллион долларлик хазина топди ва уни давлатга топширди
Жамият
−
04 Июль 2019
9403Ўзбекистон Миллий университети битирувчиси, мустақил изланувчи, илмий ходим Муҳаммадбобур Юсупов 3 йиллик изланишлари, қидирувлари натижасида пойтахт марказидаги эски биноларнинг биридан бир неча миллион АҚШ доллари деб баҳоланаётган хазинани топди. Бу хазинадан қадимий олтин тангалар, тарихий манбалардан дарак берувчи сирли хариталар, диний қўлёзма ва иконалар каби юзга яқин ноёб топилмалар ўрин олган.
Ушбу қимматбаҳо хазина топилганидан воқиф бўлган бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий фуқаролар М.Юсуповни йўлдан уриб, бойиш пайига тушиб қолди. Турли алдов ва кўзбўямачилик йўллари билан топилмаларни чет элга ноқонуний олиб чиқиб кетиб, катта даромад орттиришга қаратилган ҳаракатларни бошлаб юборган. Улкан бойлик ҳатто Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган айрим хорижий ташкилотлар вакилларини ҳам қизиқтириб қўйган. Улар Муҳаммадбобурга катта миқдорда моддий манфаатдорликни, бойликларни божхонада хавфсиз олиб ўтишни, хорижда ўқитиб, фуқаролик беришгача бўлган мақсадларини, чет элда ҳашаматли ҳаёт каби таклифларни баён этишган.
ЎзАнинг ёзишича, хорижий ташкилотлар вакиллари хазинанинг қийматини юқори баҳолаб, унга эгалик қилишга уринаётган бир пайтда, ўзимизнинг айрим фуқаролар ҳам хазина эгасини четга суриб, бойликларни ўзлаштириш ҳаракатига тушган.
Бир неча миллион долларлик тарихий ашёлар ва топилмаларнинг бегона қўлларга ва чет элга чиқиб кетилишининг олди олинди.
Фуқаро Муҳаммадбобур Юсупов шахсий бойлик орттириши, чет эллардаги нуфузли таълим даргоҳларига ўқишга ва ишга жойлаштириш, кўчмас мулк орттириш ва бошқа ғаразли таклифларга учмасдан ДХХ идораларининг бевосита кўмаги билан қимматбаҳо тарихий буюмларни Ўзбекистон тарихи давлат музейига тақдим қилди.
Қимматбаҳо буюмлар жамланмасидан 92 номдаги нодир тарихий ва маданий аҳамиятга эга бўлган буюмлар жой олган.
Улар орасида қадимги турк, немис, араб, француз, лотин, инглиз тилларида ёзилган ноёб асарлар, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, хариталар, диний қўлёзма ва иконалар, микроскоп қурилмалар, 71 дона олтин, кумуш, мис тангалар жой олган.
Айни пайтда экспонатларнинг ўзи барчани қизиқтириш табиий, ҳар бир осори-атиқанинг ўз тарихи бор, улкан қийматга эга. Муҳаммадбобурдан тилла суви юритилган бир неча китобнинг ўзини хорижликлар 600 минг долларга сотишни сўрашган.
Ноёб топилмалар келгусида мазкур музей экспонатлари сафига қўйилиши ва алоҳида кўргазма сифатида тарих, санъат ихлосмандлари эътиборига намойиш этилиши режалаштирилмоқда.
LiveБарчаси