Ўзбекистонлик спортчиларнинг Осиё ўйинларидаги бугунги натижалари қандай?
Спорт
−
05 Октябрь 2023
21006Бугун, 5 октябрь – Ханчжоуда бўлиб ўтаётган ХIХ ёзги Осиё ўйинларининг 12-кунида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчилар мамлакат делегацияси ҳисобига 3 та олтин ва 3 бронза медалини қўшиб қўйди.
Олтин медаль:
• Бокс бўйича -51 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Олимпиада ва Жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Таиланд вакили Титисан Панмотга қарши рингга кўтарилди. Ҳал қилувчи баҳсда Дўсматов рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва якунда мусобақа чемпионига айланди. Шу тариқа у ўзининг Осиё ўйинларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.
• -57 килограмм вазн тоифасидаги Абдумалик Ҳалоков ҳам мусобақанинг финал баҳсида Япония вакили Шудан Ҳарада билан тўқнаш келди ва 2-раундида техник нокаут эвазига ғалаба қозонди. Ҳалоков жанг давомида рақибини кетма-кет 4 марта нокдаун ҳолатига тушириб қўйди ва япониялик мураббийлар шогирдининг саломатлигини ўйлаган ҳолда рингга оқ сочиқ улоқтиришга мажбур бўлди. Шу тариқа ўзбекистонлик боксчи ўйинлардаги илк иштирокини чемпионлик мақомида якунлади.
• +92 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, икки карра Жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов эса Қозоғистон вакили Камшибек Конкабаевга қарши финал баҳсида рингга кўтарилди. Олтин медал учун кечган баҳсда Жалолов рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади ва якунда мусобақа чемпионига айланди. Шу тариқа у Конкабаев билан кечган умумий 10-жангида 7- ғалабасига эришди. Бу билан у ҳам Ҳасанбой Дўсматов каби ўзининг Осиё ўйинларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.
Бронза медаль:
• Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Рустам Ассакалов фаолиятида учинчи бор Осиё ўйинларида совриндор бўлди. -97 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Ассакалов бронза медали учун кечган баҳсда қозоғистонлик Ислам Умаевни мағлуб этиб, мусобақани учинчи ўринда якунлади. Маълумот учун, у бунгача мусобақанинг олтин ва кумуш медалларини қўлга киритган.
• Аёллар кураши дастури бўйича баҳсларга киришган Актенге Кеунимжаева Ўзбекистон учун тарихий ғалаба қайд этди. У ушбу спорт турида Осиё ўйинларида совриндор бўлган биринчи ўзбекистонлик спортчи бўлди. 50 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Кеунимжаева бронза медали учун кечган баҳсда ҳиндистонлик Пужадан устун келди.
• Шунингдек, мазкур спортнинг -57 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Лайло Собирова Ўзбекистон ҳиссасига навбатдаги бронзани келтирди. Собирова 3-ўрин учун кечган баҳсда ҳиндистонлик Манси устун келди ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегацияси жами 60 медаль (19 та олтин, 16 та кумуш, 25 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 5-поғонасини банд этиб турибди.