Ўзбекистонлик спортчилар Oсиё ўйинларининг 3-кунида қандай натижа қайд этди? (рўйхат)

Спорт

image

Ханчжоудаги Осиё ўйинларининг навбатдаги куни ўз ниҳоясига етди. Мусобақанинг 3-кунида ўзбекистонлик спортчилар 1 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритган ҳолда делегеция ҳисобидаги медаллар сонини 22 тага етказиб қўйди. 

Олтин медаль:

  • Бугун, 26 сентябрь куни Ўзбекистон байроқдори Музаффарбек Тўрабоев дзюдо бўйича -100 килограмм вазн тоифасида чемпионликни қўлга киритиб, делегецияга ушбу Осиё ўйинларидаги 5-олтин медални келтирди.

Кумуш медаль:

  • Дзюдо бўйича -90 килограмм вазн тоифасининг финалида иштирок этган Бобонов қирғизистонлик Ерлан Шеровга имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан чекланди;
  • бугунги кун ҳисобидан илк медални 10 метрга пневматик милтиқдан отиш бўйича аралаш жамоавий дастурда иштирок этган Жавоҳир Соҳибов ва Мухтасар Тоҳирова жуфтлиги қўлга киритди. Улар ўқ отиш баҳслари финалида мезбон – Хитой вакилларига қарши беллашиб, имкониятни бой берди ва кумуш медалига лойиқ кўрилди.

Бронза медаль:

  • Ўзбекистонлик дзюдочи Ирисхон Қурбонбоева -78 килограмм вазн тоифасининг бронза медалига сазовор бўлди. Қурбонбоева учинчи ўрин учун баҳсда мўғулистонлик Хуслен Отгонбаярни мағлуб этган ҳолда шоҳсупага кўтарилди;
  • мазкур спорт бўйича +100 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борган Алишер Юсупов Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори бўлди. У 3-ўрин учун дзюдо ватани бўлган Япония вакили Хёта Огага қарши курашди ва қисқа фурсатда иппон баҳоси билан ғалабага эришди;
  • Ўзбекистон номидан байроқдор сифатида иштирок этган Зайнаб Дайибекова ҳам мусобақа шоҳсупасига кўтарилди. У қиличбозлик беллашувларининг ярим финалида жанубий кореялик Жису Юнга кичик фарқ – 14:15 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди;
  • ушу спорт тури бўйича ғолиблик учун баҳс олиб борган Ўзбекистон вакили Даря Латишева Латишева нанкуан ва нандао дастурлари якунига бўйича Хитой ҳамда Малайзия вакилларидан кейин 3-ўринни банд этди;
  • таеквондо дастурида баҳсга киришган Чарос Қаюмова ҳам ўз номини совриндорлар қаторига ёздириб қўйди. -53 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик спортчи ярим финалда Хитой Таипейи вакиласига имкониятни бой бериб қўйди ва бронза медали билан тақдирланди.

Бу орқали Ўзбекистон делегацияси жами 22 медаль (5 тадан олтин, 6 та кумуш, 11 та бронза) жамғарган ҳолда умумий рейтингнинг 4-поғонасини банд этиб турибди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Ханчжоу Oсиё ўйинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг