Озарбайжонлик официант Москвадаги теракт пайтида 100 дан ортиқ одамни қутқариб қолди
Олам
−
25 Март
13216“Крокус Сити Ҳолл”да официант бўлиб ишлаган Озарбайжон фуқароси Комил Несибов теракт вақтида 100 дан ортиқ одамни қутқариб қолди. Бу ҳақда ShOT Telegram-канали хабар берди.
“Комил айтганидек, фожиа юз берган куни у дўсти билан “Крокус”да ярим кун ишлаган. Иш вақти 19:55 атрофида тугаган. Улар ташқарига чиққач, қаттиқ портлашларни эшитган. Комил ва унинг дўсти қўрқиб кетган ва энг яқин бинога югурган. Аммо кейин улар қайтишга қарор қилган. Комил ўқ жароҳати олган бир неча кишини йўл четига судраб чиққан, машина тўхтатган ва оқсоқланган аёлни унга ўтказган ҳамда концертга кеч қолганларнинг ҳаммасини тарқатиб юборган”, деб ёзади Telegram-канал.
Шунингдек, у бино эшикларини бузиб, одамларга чиқиш жойини кўрсатган. Ҳамма ерни тутун қоплагани боис у пастки қаватдаги йўлаклардан бирида 80 га яқин одамни кўриб, уларни ташқарига чиқаришга ёрдам берган. Кейинроқ полда чироғи ёниб турган телефонни топиб олган ва уни йўлни ёритиш учун ишлатган.
Орадан бироз вақт ўтгач, телефон қўнғироғи жиринглаган ва “Камилла” исмли қиздан келган қўнғироққа Комил жавоб берган. Номаълум қиз бақириб, иккинчи қаватда, ёнғин ичида, қайсидир майдонда эканини айтиб, ёрдам сўраган. Йигит маълумотни ўша пайтда ёнида бўлган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига етказган. Комилнинг ўзи эса тутундан бўғилиб қолган ва уни бинодан олиб чиқишган, телефон қилган қиз эса қутқарувчилар томонидан топилган. Кейинчалик унга йўқолган телефонни беришган.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги концерт залида теракт 22 март куни кечқурун “Пикник” рок гуруҳининг концерти олдидан содир бўлди. Охирги расмий маълумотларга кўра, 137 киши ҳалок бўлган, яна 182 киши жароҳатланган. Москванинг Басманний туман суди қўлга олинган тўрт гумондорни 22 майгача ҳибсда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ савдо марказида гардероб хизматчиси бўлиб ишлаган асли қирғизистонлик 15 ёшли мактаб ўқувчиси Ислом Халилов юздан ортиқ одамга бинодан кўчага чиқиш йўлини кўрсатиб, қутқариб қолгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь