Ўзбекистонлик аёл Россия байроғи сабаб судланиши мумкин (видео)

3-саҳифа

image

Россиянинг Нижний Новгород вилоятида ўзбекистонлик аёл Россия давлат байроғи ва герби расми тушурилган гиламчани оёқ остига тўшагани учун жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда “Многонационал” хабар берди.

Унга кўра, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун Россияга борган Севара Мусаева исмли Ўзбекистон фуқароси яшаш хонасининг кириш жойига Россия байроғи ва гербининг расми тушурилган гиламчани тўшагани учун сўроққа тутилган. Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг 329-моддаси (Давлат байроғи ёки давлат гербини ҳақорат қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Мусаеванинг бу ҳолатга изоҳ беришича, у гиламчани бир неча кун олдин кўчадаги аҳлатдан топиб олган ва уни ювиб-тозалаган ҳамда уйига олиб кирган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат қонунан жазога лойиқ эканини билмаган ва унда ҳеч қандай ғаразли мақсад ёки камситиш нияти бўлмаган.

Айни пайтда мазкур воқеа атрофида ахборот можароси ҳам юзага келган. Айрим Telegram-каналлар ушбу хабарни сохта деб атаган бўлса, бошқалари унинг дастлаб Россиянинг федерал нашрларидан бири томонидан эълон қилинганини таъкидламоқда.

Ҳозирча Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ушбу воқеа юзасидан расмий тергов натижалари ёки қўшимча маълумотларни эълон қилмаган. Шу сабабли ҳолатнинг барча тафсилотлари расман тасдиқланганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Telegram орқали террористик гуруҳ сафига қўшилишга даъват қилинган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган ўзбекистонликка нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг