Ўзбекистонга кирган “Док-1 Макс” дорисида заҳарли моддалар борлиги аниқланди. Ишда жиноят излари бор
3-саҳифа
−
27 Декабрь 2022
40072Самарқандда Док-1 Макс сиропини истеъмол қилиши оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилди. Ҳолат бўйича жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланиб, ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан махсус ишчи гуруҳ аъзолари томонидан жойига чиққан ҳолда хизмат текшируви ўтказилган
Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компаниясига тегишли Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситаcи Ўзбекистонда 2012 йилдан рўйхатга олиниб, шу йилдан савдога чиқарилган. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилган. Ўзбекистон ҳудудига ушбу препарат “Quramax Medikal” МЧЖ томонидан импорт қилинган.
Текширув жараёнида ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш оқибатида ўлим ҳолати аниқланган.
“Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.
Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади”, дейилади ССВ хабарида.
Бундан ташқари, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатган. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.
Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.
Айни пайтда Док-1 Макс таблетка ва сироп дори воситалари мамлакатдаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган. Ўрганиш материаллари асосида аниқланган камчиликлар, тиббиёт ходимларининг масъулияти масаласи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилади.
LiveБарчаси