Ўзбекистондан чиқиб, Қозоғистонда ЙТҲга учраган автобусда 47 йўловчи бўлгани айтилди

Жамият

image

Аввалроқ, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида хорижий давлат фуқаролари бўлган автобус йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, оқибатда 12 киши шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар бергандик. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати қўшимча маълумот берди. 

Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисасига учраган автобус кеча, 26 август куни соат 22:00 да “Тошкент” автовокзалидан икки нафар ҳайдовчи ва 47 нафар йўловчи билан йўлга чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 12 киши турли даражада тан жароҳати олган. 

Ушбу автобус Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Бунёдкор кўчаси 7-уйда жойлашган “MIRONSHOX GRAND TRANS” МЧЖга тегишли бўлиб, жорий йилнинг 18 мартида мазкур автобусга лицензия варақаси Транспорт вазирлиги томонидан берилган.

2018 йилда ишлаб чиқарилган “YUTONG BUS ZK6122H9” (Хитой) русумли автобус охирги мартта жорий йил 17 мартда Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон бўлимида техник кўрикдан ўтган бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан “MIRONSHOX GRAND TRANS” МЧЖ раҳбарияти ва корхонада ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходимлар билан ваколатли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

688

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг