Ўзбекистондаги банклар эски долларларни расмий курсдан арзонга оляптими? (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда банк кассалари 1996 йилда ишлаб чиқарилган долларни расмий курсдан 5 доллар арзонга олаётгани айтилган видео тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров билан боғланди.

Марказий банкка келиб тушган дастлабки маълумотларга кўра, видеодаги банк кассири ва мижоз ўртасидаги ҳолат Андижон вилоятида содир бўлган. Мижознинг банк вакиласига тақдим қилган доллар купюраси эса шикастланган бўлган. Долларнинг шикастланган ҳолати эса видео ижтимоий тармоқларга кесиб тарқатилгани боис кўринмасдан қолган. Унинг таъкидлашича, шикастланган чет эл банкноталари расмий курсдан арзонроққа олинади ва бу қонунда ўз кучини топган. Банк сўзловчисининг айтишича, бундай шикаст етган купюралар АҚШга юборилади ва бу эса бевосита йўл харажатлари демакдир. Шикастланган ёки муомалага яроқсиз банкноталарни хорижий эмитент банкларда алмаштириш жараёнида банк транспорт (йўл) харажатлари, корреспондент банк ёки хорижий банкнинг комиссиясини қоплаш мажбуриятига эга.

Шу сабабли, банклар томонидан ушбу харажатларни қоплаш мақсадида воситачилик ҳақи ундирилади.

Билдирилишича, банкларда видеода айтилгандек ҳолат бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Аниқлик киритилгач яна батафсил маълумот берилади.

Шунингдек, Акмал Назаров Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳозирги кунда республика ҳудудида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги (2009 йилгача эмиссия қилинган) банкнотларни банклар томонидан сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ амалиётлар ҳеч қандай муаммоларсиз амалга оширилаётганлигини маълум қилди. Шу билан бирга, бирорта давлат ҳисоб-китобларида эски намунадаги 100 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларнинг қонуний тўлов воситаси сифатидаги мақоми ўзгармаган.

Маълумот учун, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасига кўра, мамлакат ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади. Банклараро валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш эса фақат Ўзбекистон Республикаси банклари ҳамда Марказий банк томонидан амалга оширилади. “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасига мувофиқ, банклар ўз операциялари бўйича воситачилик ҳақини мустақил белгилайди.

Бундан ташқари, тегишли хорижий давлатнинг эмитент банки томонидан эълон қилинган санадан кейин муомаладан чиқарилган ҳамда банкнота тугатилганлиги, сохталиги ёки намунавийлигини тасдиқловчи штамплар мавжуд бўлган банкноталар тўловга яроқсиз деб эътироф этилади ва бундай банкноталар билан валюта айирбошлаш операциялари амалга оширилмайди. Тижорат банклари шикастланган, лекин муомалага яроқли бўлган банкноталарни айирбошлаш ёки шу турдаги шикастланмаган банкноталарга алмаштириш, майдалаш, йириклаш ҳамда улар билан конверсия операцияларни амалга оширишни рад этиши, муомалага яроқсиз банкноталарни инкассога қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.

Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқли ҳисобланади:

  • банкнота тасвирини (шаклини) аниқлаш имконини берадиган даражада сийқаланган ва ифлосланган бўлса;
  • банкнота энининг (бўйининг) тўртдан бир қисмидан ошмаган ёпиштирилган йиртиқларга эга бўлса;
  • ёпиштириб қўйилган бурчаклари ёки қисмлари (1 см2 дан ошмаган) бўлса ҳамда йиртиб олинган бурчаклари ёки қисмлар аниқ ушбу банкнотага тегишли бўлса;
  • майда доғлар, ёзувлар, штамп изи (бунда ёзув ёки штамп изи иккитадан ошмаган бўлиши лозим) бўлганда ҳамда улар банкнотанинг ҳақиқийлигини аниқлашга халақит бермайдиган асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиғини тўсиб қўймаган бўлса;
  • банкнотада диаметри 1 мм  дан ошмаган ва иккитадан кўп бўлмаган тешиклар бўлса.

Қуйидаги шикастланиш белгилари мавжуд бўлган банкноталар муомалага яроқсиз ҳисобланади:

  • бўлакларга ажратилган, шу жумладан ёпиштирилган бўлса;
  • дастлабки ранги ўзгарган ёки ранги ўчган бўлса;
  • ёнган ёки куйган ҳолатда бўлса;
  • асосий белгиларидан бирининг 50 фоизидан ортиқ қисмига мой, бўёқ ёки сиёҳ тўкилган бўлса;
  • банкнотада кимёвий реактивлар таъсири бўлса;
  • муайян даражада қасддан шикастланган ҳолда тасвир (сурат, портрет) ўзгартирилганда, номинали ўзгартирилган, ҳимоя ипчалари олиб ташланган, катта ҳажмдаги ёзувлар бўлса;
  • банкнотлар аниқ босма хатога эга бўлган (сув белгиси ёки ҳимоя ипчаларининг йўқлиги ёки нотўғри жойлашганлиги), тасвирлари тўлиқ босилмаган ёки суркалиб кетган бўлса;
  • банкнотанинг геометрик ўлчами 3 мм дан ортиққа ўзгарган бўлса.

Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк Доллар Акмал Назаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг