Ўзбекистондаги 15 та ОТМда сунъий интеллект лабораториялари очилади

Жамият

image

Ўзбекистондаги 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган рақамли технологияларни ривожлантириш соҳасида эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган тақдимотда сўз боради.

Тақдимотда сўнгги йилларда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва инновацион экотизимни шакллантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилгани қайд этилган. Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, 2024-2025 йилларда мамлакатдаги стартап ва венчур экотизимининг умумий қиймати 3,9 миллиард долларга етган. Маҳаллий стартапларнинг сони 750 тадан ошган. Ҳозирги кунда 15 та венчур фонд фаолият юритмоқда, венчур капитал ҳажми эса 180 миллион доллардан ошган.

Ўзбекистон дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган ва Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизими деб эътироф этилмоқда.

Тақдимотда 2030 йилга қадар стартапларнинг сонини 5 мингтага, экспорт бозорларига чиққан стартапларнинг сонини 200 тага етказиш, венчур инвестицияларнинг ҳажмини 2 миллиард долларга олиб чиқиш мақсад қилингани таъкидланган.

Шу мақсадда халқаро тажриба асосида стартапларни қўллаб-қувватлашнинг тўрт босқичли тизими жорий этилмоқда. Ғоя, ишлаб чиқиш, ишга тушириш ва масштаблаштириш босқичларида грантлар, солиқ имтиёзлари, қўшма молиялаштириш, экспорт харажатларини қоплаш учун молиявий ресурслар йўналтирилади.

Электрон давлат хизматларини янада ривожлантириш режалари кўриб чиқилган.

Рақамли хизматлар сонини 900 тагача етказиш, “MyGov.uz” мобил иловасининг функционалини кенгайтириш, 50 тадан ортиқ хизматларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, Аҳолининг ягона реестрини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик субъектини очиш, якка тартибдаги тадбиркорлик ходимларини ҳисобга қўйиш, банк пластик картасини очиш, СИМ-карта олиш, суғурта ва реклама хизматларини рақамлаштириш режалаштирилган.

Тақдимотда сунъий интеллект технологиялари учун инфратузилма яратиш ишларининг бориши ҳақида ахборот берилган.

Хусусан, ҳозирги кунда замонавий кичик супер компьютер ишга туширилган, катта супер компьютерни харид қилиш ва ишга тушириш ишлари фаол босқичда. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 15 та олий таълим муассасасида сунъий интеллект лабораториялари ташкил этилади, соҳадаги мутахассисларнинг салоҳияти ошади, маҳаллий СИ ечимларини яратиш ва жорий этиш имкониятлари яратилади.

Мамлакат ҳудудларида замонавий дата-марказлар тармоғини кенгайтириш, маълумотлар хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилган.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бу борада барқарор ўсиш суръатларига эришилаётгани, интернет тезлиги ва қамрови йилдан-йилга ошиб, мобил алоқа хизматларининг сифати яхшилангани таъкидланган. 2026 йилда 5G технологияларини жорий этиш ва аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернет билан қамраб олишни давом эттириш, шунингдек, сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишни кенгайтириш режалаштирилган.

Президент рақамли технологиялар иқтисодиёт тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш, давлат бошқарувини самарали қилиш ва аҳоли ҳаёти сифатига бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлаб, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

сунъий интеллект лабораториялари рақамли технологиялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар