Ўзбекистонда “Замонавий мактаб”лар ташкил этилади – Президент қарори
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
7834Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Умумий ўрта таълим тизимида илғор халқаро тажриба ва жамиятнинг замонавий талабларига мувофиқ сифатли таълим олиш имкониятларини яратиш, халқ таълими муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга умумий ўрта таълим муассасаларининг мавжуд ҳолати уларнинг фаолиятидаги тизимли муаммолар ва камчиликларни тезкор бартараф этиш механизмларини яратиш, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий-техник таъминоти ва таълим бериш сифатидаги тафовутни қисқартириш ҳамда ўқувчи-ёшларнинг таълим олишлари учун тенг шарт-шароитлар яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Янги турдаги умумтаълим муассасаларини барпо этиш ва муқаддам қурилган биноларни босқичма-босқич замон талабларига мослаштириш, ўқув-тарбия жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш, таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш орқали умумий ўрта таълимни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тизимида умумий ўрта таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг илғор архитектура ечимлари ва энергия тежовчи технологиялар асосида барпо этиладиган ҳамда жиҳозланадиган, халқаро талаблар асосида сифатли таълим-тарбия бериш учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган “Замонавий мактаб”ларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 мартга қадар:
а) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда хорижий тажриба ва мамлакатнинг табиий иқлим шароитларига мос, экологик тоза материаллар ва энергиянинг муқобил манбалари, энергия тежовчи ҳамда илғор технологиялар ва муҳандислик ечимларини қўллашни назарда тутувчи “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳаларини;
б) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда умумий ўрта таълим муассасаларини замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув-услубий материаллар, компьютер ва мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан жиҳозлашнинг янги меъёрларини;
в) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда:
“Замонавий мактаб”ларга қўйиладиган талабларни, шу жумладан, мазкур мактабларнинг дарсликлар, ўқув қўлланмалар, бадиий ва бошқа адабиётлар билан таъминланганлик даражасига, ўқув-тарбия жараёнига ҳамда дарсдан ташқари фаолиятига ҳамда раҳбар ва педагог кадрларига қўйиладиган талабларни;
умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб”ларга қўйиладиган талаблар асосида баҳолаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” давлат унитар корхонаси умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаблар”га қўйилган талаблар асосида баҳолаш бўйича масъул ташкилот ҳисобланади;
“Замонавий мактаблар”га қўйиладиган талабларга мос келадиган умумий ўрта таълим муассасаларига тегишли даражадаги мувофиқлик сертификати берилади;
2020 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, “Замонавий мактаб”ларни қуриш ва реконструкция қилишнинг намунавий лойиҳалари ва жиҳозлаш меъёрлари асосида амалга оширилади.
4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Инновация, технология ва стратегия маркази” давлат унитар корхонасининг қўшимча вазифалари этиб белгилансин:
умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб”га қўйилган талаблар асосида баҳолаш орқали уларга мувофиқлик сертификатини бериш;
умумий ўрта таълим муассасаларини баҳолаш жараёнига тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, етакчи хорижий консалтинг компанияларини жалб этиш;
замонавий ва шаффоф баҳолаш услубларини жорий этиш бўйича илғор тажрибани оммалаштириш;
“Замонавий мактаб” талаблари асосида баҳолаш бўйича умумий ўрта таълим муассасалари рейтингини аниқлашнинг электрон платформасини ишлаб чиқиш ва унинг юритилишини таъминлаш;
умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талабларига мувофиқлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
5. Қуйидагилар:
2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг асосий параметрлари (кейинги ўринларда – асосий параметрлар) 1-иловага мувофиқ;
2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли дастурлари (кейинги ўринларда – манзилли дастурлар) 2а, 2б ва 2в-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки:
асосий параметрлар ва манзилли дастурларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5717-сон Фармонига мувофиқ инвестиция дастурлари доирасида тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш уларни тўлиқ жиҳозлаш билан биргаликда амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шу жумладан, марказлаштирилган инвестициялар ҳисобидан:
а) янгидан қуриладиган, реконструкция қилинадиган ҳамда мукаммал таъмирланадиган умумий ўрта таълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) юзасидан харидларни амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат унитар корхонаси;
б) умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи этиб:
Тошкент шаҳрида – “Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси (кейинги ўринларда – “Инжиниринг компанияси” ДУК);
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялар белгилансин.
7. “Инжиниринг компанияси” ДУК “Замонавий мактаб” талаблари асосида намунавий лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун буюртмачи этиб белгилансин ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини “Замонавий мактаб” талаблари бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларига мос равишда сифатли бажарилганлиги устидан назорат олиб борсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компаниялари:
а) умумий ўрта таълим муассасалари учун:
лойиҳаларнинг “Инжиниринг компанияси” ДУК техник топшириғи асосида ишлаб чиқилиши ва келишилишини;
лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш бўйича “Инжиниринг компанияси” ДУК билан тўғридан-тўғри шартномалар тузилишини таъминласин;
б) “Инжиниринг компанияси” ДУКга умумий ўрта таълим муассасаларида амалга оширилган қурилиш-монтаж ишларининг сифати юзасидан якуний назорат амалга оширилиши учун барча зарур ҳужжатларни тақдим этсин.
9. Белгилансинки, умумий ўрта таълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш жараёнида сифатсиз бажарилган, белгиланган техник талабларга мос келмаган ҳолда бажарилган ҳамда ортиқча ҳажмда кўрсатилган қурилиш-монтаж ишлари бўйича ундирилган суммаларнинг 90 фоизи тегишли объектлардаги аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун бўйсунувига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг махсус шахсий ғазна ҳисобварақларига, 10 фоизи эса “Инжиниринг компанияси” ДУКнинг махсус ҳисобрақамига ходимларни рағбатлантириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига йўналтирилади.
10. Белгилаб қўйилсинки, 2020-2022 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларини:
янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш –Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган инвестициялар маблағлари;
мебель, ўқув-лаборатория, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситалари билан таъминлаш – Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган инвестициялар маблағлари, халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари;
компьютер техникаси ва ички локал тармоқ (тармоқ ускуналари) билан таъминлаш – халқаро молия институтларининг кредит ва грантлари;
замонавий иситиш тизими билан таъминлаш – Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу қарорнинг 2а, 2б ва 2в-иловаларида назарда тутилмаган умумий ўрта таълим муассасаларини “Замонавий мактаб” талаблари асосида комплекс ривожлантиришни амалиётга татбиқ этиш учун халқаро молия институтлари кредит ва грантларини жалб қилиш чораларини кўрсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3931-сон қарорининг 5-банди олтинчи хатбошиси чиқариб ташлансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Шаҳноза Тўрамуротова