Ўзбекистонда йилда бир кун автомобилда ҳаракатланиш тақиқланиши кутилмоқда
Жамият
−
23 Сентябрь 2020
12590Ўзбекистонда ҳар йили сентябрь ойининг учинчи якшанба куни “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинади ва автомобилда ҳаракатланиш тақиқланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган. Қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Қарор қабул қилингудек бўлса, 2021 йилдан бошлаб сентябрь ойининг учинчи якшанба куни республика бўйича “Автомобилсиз кун” деб эълон қилинади ҳамда шу куни автомобилда ҳаракатланиш тақиқланади. Махсус техникалар, такси ва етказиб бериш ҳамда тиббий тез ёрдам учун хизмат кўрсатадиган техникалар, жамоат транспортлари, зарур ҳолларда фойдаланиладиган шахсий автомобиллар бундан мустасно.
Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари қарорлари асосида туманлар ва шаҳарларда “Автомобилсиз кун” тадбирларини ўтказиш белгиланиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва ташкилотлар “Автомобилсиз кун” тадбирларини ўтказилишини таъминлаши лозим.
Бунда Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан ҳамкорликда ҳудудларда “Автомобилсиз кун” тадбирлари давомида жамоат тартиби сақланиши ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайди.
Маълумот учун, ҳар йили 22 сентябрь куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида "Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш куни" акцияси ўтказилади. Бу халқаро даражадаги рамзий акция бўлиб, унинг мақсади автомобилдан чиқадиган газнинг табиат ва одамлар учун хавфини эслатиб қўйишдир.
Биринчи автоуловсиз кун 1973 йилда Швейцарияда ўтказилган, ўшанда мамлакат расмийлари ёқилғи инқирози сабабли, фуқароларни машиналардан тўрт кунлик воз кечишга чақирган.
Биринчи умуммиллий акция эса, 1997 йилда Буюк Британияда ўтказилган. 1998 йилда Франция унга қўшилган.
2000 йилда Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш тармоғи биринчи "Халқаро автоуловсиз ҳаракатланиш куни"ни ўтказган.
Ҳозирда дунёнинг бир қатор шаҳарларида қулай жамоат транспортлари, пиёдалар йўлаклари, велосипед инфратузилмасини ривожлантиришга эътибор қаратиляпти. Автоуловлардан кундалик фойдаланишни камайтириш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, дунёнинг кўплаб мегаполислари велосипед намойишларини ўтказмоқдалар. Биринчи бундай тадбир 1992 йилда Сан-Франциско (АҚШ) велосипедчилари томонидан ташкил этилган. Унда атиги 48 киши қатнашганди. Лекин, бундай тадбирлар ўтказиладиган жойлар ва унда қатнашадиганлар сони тезлик билан ўсиб борди. Ҳозир энг кўп иштирокчилар Лондон, Сидней, Мельбурн, Сан-Франциско ва Будапешт шаҳарларидан қатнашадилар.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили дунёнинг 1500 та шаҳаридан 100 миллиондан ортиқ одам "Бутунжаҳон автомобилсиз ҳаракатланиш куни" акциясида иштирок этади.
Қарор муҳокамаси жорий йилнинг 8 октябрига қадар давом этади.