Ўзбекистонда “яшил” водород корхоналари ишга туширилади

Жамият

image

Жорий йилнинг иккинчи чорагида 170 миллион долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобидан “яшил” водород ва циан тузлари корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган кимё саноатидаги лойиҳалар ижроси ва тармоқни диверсификация қилиш бўйича режалар тақдимотида сўз боради.

Қайд этилишича, йил давомида рақамлаштириш жараёни давом эттирилиб, тармоқнинг ҳамкор соҳалар билан интеграцияси кенгайтирилади. Кимё заводларининг ягона ғазначилик тизимида қўшимча модуллар очилади. “Ягона рақамли платформа” якунига етказилиб, корхоналарнинг 15 та иқтисодий кўрсаткичлари акс эттирилади.

“Яна бир муҳим вазифа – энергия самарадорлик. Энергияни тежаш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш орқали таннархни камайтириш зарурлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашув давомида соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилган. Жадал ривожланаётган ички бозорда маҳсулотларга талаб ортаётгани ва Жаҳон бозоридаги нобарқарор шароит ҳам янги вазифалар қўяётгани инобатга олиниб, тармоқни таркибий жиҳатдан ўзгартириш, маҳаллийлаштириш ва қўшилган қийматни ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Мутасаддиларга ҳозирги замон талаблари ва келгуси иқтисодий прогнозлар асосида кимё саноатини ривожлантириш бўйича янги дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бунда янги йўналишларни ўзлаштириш орқали тармоқни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг